Америкалик гроссмейстер Ирина Круш ушбу фан Қозоғистон таълим дастурига киритилишига доир ташаббусни ижобий баҳолади. Jibek Joly телеканалига берган эксклюзив интервьюсида у Қозоғистон шахмат мактабини ривожлантириш бўйича фикрларини баён этди. Спортчининг фикрича, қозоғистонликлар жаҳон саҳнасида эришган муваффақиятлар ёш авлодга илҳом бериши, мазкур йўналишда касбий малака оширишига туртки бериши мумкин. Бундан ташқари, америкалик меҳмон айтишича, шахматчилар ҳам бошқалар сингари молиявий қўллаб-қувватланишга муҳтож. Бу борада Қозоғистонда кўп ишлар қилинди, дейди Ирина Круш. Давлат кўплаб юқори малакали мутахассислар тайёрлаш билан бирга халқаро матчлар иштирокчиларига ёрдам кўрсатмоқда. Бу эса шахмат йўналишида мамлакат етакчи мавқе эгаллашига имкон яратади.
ИРИНА КРУШ, АМЕРИКАЛИК ШАХМАТЧИ, ГРОССМЕЙСТЕР:
- Йигирма йилча аввал Қозоғистон аёллар шахмати бўйича етакчи мамлакатлар қаторига кирмасди. Лекин нисбатан яқин муддатда жаҳон сизни тан олишига эришдингиз. Эндиликда сизни Жаҳон шахмат олимпиадасига йўл олаётган жамоалар қаторида ғалабага даъвогарлардан бири сифатида кўра оламиз. Чунки сизда Жансая, Бибисара, Динара каби спортчилар бор, улар аёллар шахмати бўйича етакчи мавқе эгаллашига шубҳа йўқ. Менимча, Қозоғистонда шахматга бўлган қизиқишни ривожлантириш жуда муҳим. Бугунги кунда аёл шахматчилар давлат ёрдами олаётганидан хабардорман, бу эса муҳим аҳамиятга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси