Қўстанай вилоятидаги ўрмон ёнғинларини ўчириш учун бошқа минтақалардан ёрдамга юборилган қутқарувчи бўлинмалар уйларига қайтмоқда. Умуман, Авлиёкўл туманида вазият барқарорлашган. Жами бўлиб, вилоятдаги табиий ёнғинларга қарши курашга шу кунларда икки мингдан ошиқ одам сафарбар қилинган. Аланга ўчоқларини буткул ўчириш учун тумандаги ўрмонларда 400 нафардан зиёд ўт ўчирувчи қолади. Айни пайтда, оператив штаб ҳам ўз ишини давом эттирмоқда. Қутқарувчилар айтганидек, яна ўт чиқишига йўл қўймаслик муҳим.
Марат Сиздиқов, Шимолий Қозоғистон вилояти фвд ўт ўчириш хизмати бошлиқ ўринбосари:
- Нефть базасининг чап тарафида хусусий тураржойлар мавжуд. Шу уйларнинг аксарият қисми аланга остида қолиб, ёнган. Биз дарҳол уй-жойлардаги ёнғинни ўчиришга киришдик, ҳудудни айланиб чиқдик. Қайсидир жойда одамлар қолган бўлса, олиб чиқишимиз керак эди. Маҳаллий аҳоли озиқ-овқат, ичимлик сув борасида бизга ёрдам кўрсатди. Тун бўйи ташишди, келтириб туришди.
Валихан Мусанов, Қўстанай вилояти фвд матбуот хизмати вакили:
- Айни пайтда ишлар тўрт йўналишда олиб борилмоқда. Аҳоли пунктлари атрофидаги ўчирилган ёнғин ўчоқларини текшириш ва шудгорлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунга келиб, очиқ аланга нуқталари қолмади. Аҳоли манзилларига тўғридан-тўғри хавф-хатар мавжуд эмас.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.