Иқтидорли болаларга «Бўлашақ»дан бакалаврликка йўлланма берилади

Қозоғистонлик иқтидорли болалар учун дунёнинг энг кучли олий таълим даргоҳларида «Бўлашақ» дастурига кўра бакалаврликка ўқиш имкони яратилади. Парламент депутатлари таклифига тегишли қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари, илмий лойиҳалар танловлари ғолиблари стипендия олтшлари мумкин. Тегишли рўйхатни республика комиссияси тасдиқлайди. Ҳозир мажилис депутатлари ташаббуси ишчи гуруҳда кўриляпти. У Қозоғистон ёшларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Бундан ташқари, предмет олимпиадалари ғолиблари бир марталик мукофот ва ҳар қандай Қозоғистон олий ўқув юртида грант олиш имкониятига эга бўлади. Таъкидлаш лозимки, ҳозир «Бўлашақ» орқали магистратура, докторантура ва стажировкаларда билим олиш мумкин.


Алия Ўспанова, Халқаро дастурлар маркази раҳбари:


– Хорижда таълим олган қозоғистонликларнинг қайтиб келишини таъминловчи асосий механизм - «Бўлашақ» дастури. Бошқа имконият йўқ. Ҳар бир фуқаронинг танлаш ҳуқуқи бор. Дейлик, биз халқаро олимпиадалар ғолибларига «Бўлашақ» дастури асосида хорижда ўқишига имкон яратсак, улар қайтиб келгач Қозоғистон ривожига ҳисса қўшади. Акс ҳолда халқаро олий ўқув юртлари таклифини қабул қилиши мумкин.


Эслатамиз, «Бўлашақ»  халқаро дастури ташкил этилганидан кейин ўтган 31 йил давомида 12,5 минг қозоғистонлик чет элларда таълим олди. Ҳар йили бюджетда халқаро стипендиялар учун 20 миллиард тенге ажратилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси