Қозоғистонда Хитойга олиб борувчи янги темир йўл қурилиши бошланди. Бош вазир телекўприк тартибида қурилишга расмий старт берди. Абай вилоятидаги «Бахти-Аягўз» линияси республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади ва икки давлат ўртасидаги ўтказув қувватини 28 миллион тоннадан 48 миллион тоннага етказиш, Қозоғистон экспортини ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, жанубий ўтказув пункти ишини енгиллаштириб, қўшимча транзит ҳажмини жалб этиш имконини беради. Узунлиги 272 килрметрли мазкур янги темир йўл 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режа қилинган. Таъкидлаймиз, лойиҳа президент Қосим-Жўмарт Тўкаев топшириқларини рўёбга чиқариш доирасида амалга оширилмоқда.
Алихан Смаилов,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Темир йўл
қурилиши – мамлакат иқтисодий салоҳиятини кўтариш воситаларидан бири. Сўнгги
йилларда контейнер, транзит ташувлар ҳажми сезиларли равишда ошяпти. Транзит
йўлаклар кенгаймоқда. Бугун йирик лойиҳалардан бири - «Бахти-Аягўз» темир йўли
қурилишини бошлаймиз. Унинг шарофати билан юк ташувнинг бир қисми янги темир
йўл линиясига ва халқаро чегара пункти «Бахти- Чугучак»ка юборилади.
Александр Степура,
Фахрий темирйўлчи:
– Аягўздан Бахтига борувчи темир йўл қурилиши – иқтисодиёт
талабидир. Бу Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги учинчи ўтиш йўлаги. Қозоғистондан
эса транзит Европа, Россия ва бошқа ерларга давом этади. Бу йўл бўйлаб 11 та
тақсимлаш пункти бўлади. Йўл бўйида кўплаб қишлоқлар жойлашган. Табиийки, улар
ҳам равнақ топади. Чунки темир йўл аҳоли оқимига, инвестиция оқимига хизмат
қилади. Ушбу туманлар янги иқтисодий равнақ топади. Қозоғистоннинг чегара туманлари
иқтисодий ривожланади. Ва ушбу темир йўл ҳам, ҳозирданоқ айтиш мумкинки, катта
манфаат келтиради.
Таъкидлаймиз, бугунги кунда темир йўл соҳасида бир қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Масалан, 2022 йил ноябрида «Дўстиқ-Мўйинти» участкасида иккинчи йўл қурилиши бошланган. Жорий йилда эса Алматини айланиб ўтувчи янги темир йўл ва «Дарбаза-Мақтаарал» темир йўл линиясида ишлар бошлаб юборилди. Жами уч йил ичида республикамизда 1300 километрдан зиёд темир йўл қурилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.