«Хитой — Марказий Осиё» ахборот агентликлари форуми ўтказилди

«Хитой — Марказий Осиё» ахборот агентликлари форуми ўтказилди

Янгиликлар контенти алмашиш, қўшма тренинг ва семинарлар, мультимедиа алоқаларида янги форматлар, миллий ва халқаро даражада ахборот тарқатиш. Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси ва Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги ушбу йўналишларда ахборот алмашиш ниятида. Икки ташкилот раҳбарлари Астанада бўлиб ўтган «Хитой - Марказий Осиё» ахборот агентликлари форуми арафасида учрашди ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Икки давлат медиахолдинглари раҳбарлари ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик, халқаро ахборот майдонида Марказий Осиё ва Хитой оммавий ахборот воситалари таъсирини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Форумда Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси директори Раушан Қажибаева умумий ахборот ва маданият макони яратиш долзарб ва муҳим эканлигини кўрсатиб ўтди.

Раушан Қажибаева, Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси директори:

– Қозоқларда «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши», деган гап бор.  Биз шунчаки қўшни эмасмиз, бизни маданий муштараклик, анъаналар, тинчлик ва ўзаро тотувликка интилиш бирлаштириади. Марказий Осиё ва Хитой умумий келажак ва мамлакатлар фаровонлиги учун бирга қадам ташлашга тайёр, дея оламиз. Қўшма лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқарамиз.

«Kazinform» бугунги кунда Хитой ижтимоий тармоқларида фаолиятини ривожлантиряпти. Агентликнинг «Weibo» ва «WeChat» майдончаларидаги аккаунтлари Қозоғистон янгиликларини жадал ва самарали тарқатиш имконини беради. «Синьхуа» ахборот агентлиги Бош директори Фу Хуа таъкидлашича, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун Глобал Жанубнинг оммавий ахборот воситалари ва аналитик марказлари ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган.

Фу Хуа «Синьхуа» ахборот агентлиги Бош директори:

– Ушбу форум имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни муҳокама қилайлик: бутун дунё Хитой ва Марказий Осиё ахборот агентликлари овозини яққол эшита олиши учун биргаликда ривожланиш, кучларни бирлаштириш масаласини режалаштирайлик. Бу Ягона тақдир ҳамжамияти қурилишида ахборот агентликлари ўз ҳиссасини қўшишига имкон яратади. Биз Глобал Жануб, шу жумладан,  Марказий Осиё аналитик марказлари, ҳукумат идоралари, компаниялари ва олий таълим даргоҳларитурли соҳаларда амалий ҳамкорликни илгарилатишда фаол хизмат қилишига умидвормиз.

Мулоқот майдончаси доирасида Марказий Осиё ахборот агентликлари икки ва кўп томонлама гуманитар алоқаларни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгарилатиш, контент алмашиш, кадр тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, «Ягона макон — ягона йўл» ташаббусини илгарилатишда бирга ишлашни келишиб олинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси