«Марказий Осиёда Ипак йўли йўлаклари» лойиҳаси якунланди

Буюк Ипак йўли бўйлаб мавжуд маданий меросни сақлаб қолиш ва илгари суриш. Астанада йирик минтақавий лойиҳа ниҳоясига етди. «Марказий Осиёда Ипак йўли йўлаклари – Европа маданий мерос йилининг халқаро жиҳатлари» лойиҳасидан кўзланган мақсадлардан бири – сайёҳларни жалб этиш. Бунинг учун Европа Иттифоқи ва ЮНЕСКОнинг Алматидаги минтақавий офиси катта ишларни амалга оширди. Қатор мутахассислар: туристик гидлар, реставраторлар, археолог ва ҳунармандларни ўқитиш йўлга қўйилди. Минтақадаги 4 давлатда мавжуд бўлган қадимий маданият ва табиат ёдгорликлари реставрация қилинди.

 

Мажер Массанов, лойиҳа мувофиқлаштирувчиси, ЮНЕСКОнинг Алматидаги минтақавий офиси вакили:

 

- Қозоғистон ва Қирғизистонда археологик обидалар, Қозоғистонда  қулон, Қирғизистонда Қизил Дарё шаҳри ўрни, Тожикистонда табиат обидаси, тожик миллий парки, Тоғли-Бадахшон мухтор округи, Ўзбекистонда Хивадаги Боғбонли масжиди бор, бу ерларда тўлақонли туристик инфратузилма бунёд этиляпти, кўриниши яхшиланмоқда, объектлар минтақадаги Ипак йўли бўйлаб, илдизи қадимий афсоналарга бориб тақалган замонавий туризмнинг ўзига хос барқарор компонентига айланади.

 

Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси таъкидлашича, минтақада бошқа йўналишларда ҳам иш олиб борилган. Лойиҳа рўёбга чиқарилиши Европа Иттифоқи Марказий Осиё республикалари билан кўп томонлама алоқа боғлаш ниятида эканлигини кўрсатади.  

 

Кестутис Янкаускас, ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси:

 

- Гап минтақага киритилган миллионлаб евро сармоя ҳақида кетяпти, бизда лойиҳалар кўп. Транскаспий Халқаро транспорт йўлаги, ҳаво алоқаси, кичик ва ўрта бизнес бўйича лойиҳаларимиз бор, уларнинг кўпчилиги ўзаро боғланган ва барчаси битта мақсад – Европа Иттифоқи давлатлари ва Марказий Осиё ўртасида бизнесни ривожлантириш, маданий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

 

Буюк Ипак йўлига оид 60 та тарихий музей экспонатларидан иборат ўзига хос кўргазма очилди. Уларни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон миллий музейлари тақдим этди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси