Геральд Ваакснинг ижоди мухлислари кўпайиб боряпти

Геральд Ваакснинг ижоди мухлислари кўпайиб боряпти

Пластилиндан бетакрор  ҳайкалчалар ясаш санъати қозоғистонлик ўқувчининг кўплаб мухлислар орттиришига сабаб бўлди. Геральд Ваакснинг инстаграммдаги саҳифаси 50 минг нафардан зиёд обуначига эга бўлди. Ёш ижодкорнинг ишларини мунтазам оммалаштириб бораётган онаси Елизавета маълум қилишича, бола қўли билан ясалган дурдона асарларни Қозоғистон ва бошқа давлатларда сотиб олишяпти.


Елизавета Ваакс, Г. Ваакснинг онаси:


- Ярим йил аввал биз Геральднинг ишларини мунтазам намойиш қилиш боришга қарор қилдик. Обуначилар тўаплана бошлади. Рилсларни тобора кўпроқ одам томоша қилди, обуна бўлаётганлар сони ортди. Қозоғистон, Россия ва бошқа хорижий давлатлардан мухлислар пайдо бўлди, чет тилларда изоҳлар қолдиришяпти.


Геральд Ваакс 3 ёшлигидан бошлаб, 10 йил давомида ҳайкалтарошлик билан шуғулланади. Унинг қўлларида севимли эртаклари, экшн-фильмлар ва анимация картиналари қаҳрамонлари жонланади, дейиш мумкин. У яратган ҳар бир фигуранинг ўз тарихи, муаллиф тасаввурига асосланган образи бор. Геральд қозоқ мифологияси образлари туркумини яратиш ниятида, ўз ижодида миллий мавзуларга алоҳида эътибор қаратаяпти


Геральд Ваакс, ёш ҳайкалтарош:


- Яқинда миллий колоритда Абай ҳайкалчасини, космонавтика кунига космонавт ясадим. Байтерек ҳайкалини ўзига хос шаклда тайёрламоқчиман. У мавжуд бўлгани каби, бино шаклини олади ва иншоот ичидан дарахт ўсиб чиққанини кўрасиз. Самруқ қуши ҳам бўлади, яъни афсона тўла тикланади. Лекин бу нарсани ишонарли тарзда ясаш учун тарихзини яхшироқ ўрганишим керак.


Геральд гипс ҳайкаллар ясашни ҳам ўрганиб олди. Келажакда профессионал даражада шуғулланишни ўйлаяпти. Шунинг учун йигитча Қозоғистон Миллий Санъат университети қошидаги бадиий санъат мактабига ўқишга кирди. Шунингдек, у онлайн-курслар ташкил қилиш, барча истовчиларга ҳайкалча ясашни ўргатиш ниятида.


Абдумалик Сарманов таржимаси