«Опералия» фестивали Қозоғистон ва дунё юлдузларини бирлаштирди

Астанада «Опералия» фестивали бўлиб ўтяпти. Халқаро мусиқа фестивали Осиё ва Европанинг 9 та давлатидан келган иштирокчиларни жамлаган. «Астана Опера» саҳнасида Қозоғистон, Грузия, Испания, Италия, Хитой, Россия, Тожикистон, Украина ва Чехиядан келган машҳур санъаткорлар ўз маҳоратини намойиш қилмоқда. Театр яккахонлари итальян хонандалари Дезире Ранкаторе, Альберто Газале ва Жулио Пеллигра Дезире билан бирга энг яхши  опера арияларини ижро этди. Фестиваль доирасида Пуччини ижодига мансуб донг таратган асарлардан бири –«Турандот» операси ҳам тақдим этилди.

 

Еренбак Тўйкенов, «Астана Опера» театри режиссёри:

– Томошабинларимиз чет элларга бормасдан, шу ернинг ўзига келиб ҳам, жаҳон саҳналарида чиқадиган санъаткорларни кўриши мумкин. «Турандот» - жуда нуфузли постановка, Европа стандартларига мос келади ва жаҳон саҳналарида фахр билан намойиш этилади.

 

Умуман, тадбир Қозоғистон опера санъатини оммалаштирувчи майдончага айланди. Томошабин эътиборига «Енлик-Кебек», «Қиз Жибек», «Алпамис ва «Қамар сулув» операларидан парчалар ҳавола қилинди. Мамлакатимиз санъаткорлари «Turan» этно-фольклор ансамбли мусиқаси билан яратилган янги рақс постановкаси - «Жарменке» ни ҳам саҳнага олиб чиқди.

 

Еренбак Тўйкенов, «Астана Опера» театри режиссёри:

– Шуни сездимки, хорижликлар маҳаллий постановкаларга катта қизиқиш билан қарайди. Чунки мумтоз асарлар ҳаммага бирдай таниш. Улар дунёнинг барча театрлари саҳнасида қўйилади, ҳамиша репертуарда, бу одатга айланган. Бизнинг миллий операмиз эса чинакам қизиқиш уйғотади. Бундай спектаклларни чет элликлар сабрсизлик билан кутади. Айниқса, «Абай» операсини, шунингдек, хорижликлар кўпроқ «Қыиз Жибек» операсини томоша қилишга келади.

 

Яқин фурсатларда пойтахт аҳли ва меҳмонлари эътиборига Гаэтано Доницетти ижодидан икки актли «Ишқ шароби» операли комедияси ҳавола этилади. Ролларнинг аксариятини Халқаро опера академияси битирувчилари ижро этади. Бу ёш ижрочиларнинг йирик фестиваль доирасида катта саҳнадаги илк қадамлари бўлади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси