Давлат раҳбари туризм соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди

Давлат раҳбари Қозоғистонда туризм соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тилга олди. Ақўрдада Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Президент таъкидлашича, мазкур соҳа инвесторлар учун энг жозибали йўналишлардан бири, унинг жаҳон ялпи маҳсулотидаги улуши 10 фоизга яқин. Дунёдаги хизматлар экспортининг учдан бири мазкур соҳага тўғри келади. Қозоғистонда туризмни ривожлдантириш учун қулай географик жойлашув, турли-туман табиат, бой тарихий-маданий мерос бор. Ва бу салоҳиятдан фойдаланиш зарур. Бу йўналишда кескин ўсишга эришиш учун тизимли чора-тадбирлар керак, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Туризм соҳасига сармоядорларни жалб қилиш учун шаффоф ва барқарор шарт-шароитлар яратиш зарур. Ҳукумат минтақа ҳокимлари билан бирга курорт зоналарида олиб бориладиган қурилишлар бош режасини рақамлаштириши, уларга ҳамма кира олишини таъминлаши зарур. Эҳтимолий инвесторлар бўш турган ер участкалари ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатга бутун дунёдан “рақамли кўчманчилар”ни – етакчи IT-мутахассисларини жалб этиш лозимлигини таъкидлайди. Ҳукуматга октябрь ойида Digital Nomad Visa ва Digital Nomad Residency дастурларини ишга тушириш топширилди. Давлат раҳбари транспорт инфратузилмаларини яхшилаш: поездлар сонини ошириш, оммалашган авиайўналишларда лоукостерлар ишлашини таъминлаш, йўл лойиҳаларини жорий йилда ниҳоясига етказиш вазифасини қўйди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Халқаро тадқиқотлар кўрсатишича, саёҳатчиларнинг 70фоизидан зиёди учиш жойидан кўпи билан 4 соатлик масофада жойлашган дам олиш ҳудудларини маъқул кўради. Яъни, Қозоғистон  Хитой, Ҳиндистон, Шарқий Осиё, Яқин Шарқ туристлари учун жозибадор бўла олади. Шу билан бирга хорижлик туристларнинг миллий менталитети, уларнинг қизиқиш ва талабларини ҳисобга олиш, ҳамма туристга бир хилда ёндашмаслик керак. Бунинг учун малакали кадрлар ва самарали ишлаш истаги зарур. Биз 5 йил ичида туристлар сонини икки ва ҳатто уч марта ошира оламиз. 

Жорий йил ХХРда Қозоғистон туризми йили, деб эълон қилинган. Президент Ҳукуматга ҳокмилар билан биргаликда чегарага яқин аҳоли манзилгоҳларини туристларни кутиб олишга тайёрлаш, Бахти ва Қўльжат ўтказиш пунктларини модернизациялашни охирига етказишни топширди. Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига эътибор қаратиш, ахборот қўлловини кўрсатиш зарур. Бу беллашувлар ҳам туристларни жалб этишини таъкидлади Давлат раҳбари. Энг муҳими, Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон туризмининг ташриф қоғози бўла оладиган объектларни кўрсатиб ўтди. Уларни ривожлантиришга эътибор қаратиш зарур. Бу рўйхатга Алмати минтақаси кластери, Манғистау ва Щучинск-Боровой курорт зонаси ҳам киритилган. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.