Франциялик инвесторлар Қозоғистонда компания очади

Франциялик инвесторлар Қозоғистонда компания очади

Йирик француз корпорациялари Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтириш ниятида. Кичик ва ўрта бизнес ҳам иқтисодиётимизга қизиқиш билдиряпти. Янги геосиёсий вазиятда савдо доиралари Европа ва Осиёни бирлаштирувчи муқобил йўлларни изламоқда. Йилнинг ўтган ойларида Франция ва Қозоғистон ўртасида савдо айланмаси 12 фоизга ўсгани шуни кўрсатади. Корхоналарни кўчириб келиш масаласи ҳам кўтарилмоқда.

Ив-Луи Даррикаррер, Қозоғистон-Франция тадбиркорлик кенгаши ҳамраиси:

- Тўғри гап, муаммо кўп. Етказиб бериш занжири узилиши, санкциялар сабабли глобал бозорлар ўзгариши кузатилди. Натижада, инфляция кескин ошди. Шундай вазиятда Қозоғистон ва Франция бизнес ҳамкорлиги жуда муҳим. Қандайдир сусткашликлар юз берса, уларни ҳам вазият билан изоҳлаш мумкин. Қозоғистон француз бизнеси учун қизиқарли, француз бизнеси Қозоғистонга мақбул.

Поль Мариа, Orano компаниялар гуруҳи вице-президенти:

- Энергетикада юзага келган аҳвол тушунарли. Қозоғистон жаҳон миқёсида уран қазиб олиш бўйича муҳим ўрин тутади. Атом энергетикасида ҳам. Франция Қозоғистон билан ҳамкорликда атом саноатининг бошқа йўналишлари устида ҳам иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда жаҳон, шу жумладан, француз бизнеси Қозоғистондаги янгиликларга қизиқиш билан қарайди. Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти собиқ совет давлатлари ичида энг барқарор эканлигини кўрсата олди.

Гулсара Аристанқулова, Қозоғистон Республикасининг Франциядаги элчиси:

- Давлат раҳбари тилга олган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар француз инвесторлари эътибори марказида. Улар мўлжалланган мақсадларга эришилишига ишонади. Шунинг учун ҳам биз билан 30 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётганлардан ташқари, бирга ишлашни истаётган яна кўплаб корхоналар мурожаат этаётганини кўряпмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси