Астанада Иккинчи жаҳон уруши йилларида француз қаршилик ҳаракати сафларида жанг қилган қозоғистонликлар ўлимидан сўнг тақдирланди. Генерал Шарль де Голль ҳайкали қошида ўтказилган тантанали маросимда Франциянинг Қозоғистондаги элчиси Қабиш Омаров, Қадем Жуманиязов ва Ашимбек Истибаев оилаларига медаллар топширди. Улар ва яна 300 нафар юртдошимиз француз аскарлари билан биргаликда Тулуза шаҳри ҳамда унинг атрофидаги ҳудудни фашист оккупациясидан озод этишда фаол иштирок этган. Мамлакат дипломатик миссияси раҳбари таъкидлаганидек, қозоқ жангчиларининг жасорати ва фидокорлиги француз фуқаролари қалбида абадий сақланиб қолади.
Сильван Гиоге, Франциянинг Қозоғистондаги элчиси:
– Орадан 80 йил ўтиб, Францияни озод қилишда қатнашган қозоғистонлик партизанлар оилаларига ҳурмат кўрсатишга муваффақ бўлдик. Бу маросим тарихчилар, элчихоналарнинг дипломат-ходимлари, мудофаа вазирликлари, ташқи сиёсат идоралари ва бошқа ташкилотлар вакилларининг меҳнати натижасида ташкил этилди. Бу икки давлат муносабатларида яна бир муҳим босқич. Ва бу шундан далолатки, тарихимиз чуқур умумий илдизларга эга.
Арман Жуманиязова, Қадем Жуманиязов невараси:
– Узоқ вақт мобайнида бобомиз ҳақида ҳеч қандай маълумот топа олмагандик. Бобом Франция, ҳатто Испания ҳудудида жуда машҳур кишилардан бири бўлган. У француз қаршилик ҳаракатида қатнашган, Германия концлагерларидаги ҳарбий асирларни озод этишга ёрдам берган. Еттита тилни билган. Ўқимишли одам бўлган. Ниҳоят, шундай кун, Эътироф куни етиб келганидан жуда бахтиёрмиз. Бу тадбирни уюштирган, тайёрлашда қатнашган барча-барчага миннатдорлик билдирамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

