Бишкекда Қозоғистон ва Қирғизистон дўстлик хиёбони очилди

Бишкекда Қозоғистон ва Қирғизистон дўстлик хиёбони очилди

Бишкек паркларидан бирида «Тотувлик» деб аталган Қирғизистон ва Қозоғистон дўстлиги хиёбони очилди. Икки мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган расмий очилиш маросимида Қозоғистоннинг қўшни давлатдаги элчиси Рапил Жўшибаев, Жўғўрғу Кенеш етакчиси Талант Мамитов, Бишкек мэри Айбек Жунушалиев ҳамда парламент депутатлари иштирок этди. Табрик сўзларида тадбир меҳмонлари икки республика халқлари ўртасида тарихан шаклланган дўстлик нақадар муҳимлиги ва уни мустаҳкамлаш зарурлигини тилга олишди.

Талант Мамитов, Қирғизистон Республикаси Жўғўрғу кенеши спикери:

- Жорий йилда республикаларимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Мазкур хиёбон айнан ҳозир очилаётганида рамзий маъно бор. Халқларимиз маънан, руҳан, маданиятига кўра яқин, умумий қадриятларимиз мавжуд. Бир-биримизни чуқур тушунамиз. Мазкур янги паркда қўшиқлар янграшини истардим, барча муҳим саналарни бирга нишонласак, хурсанд бўламиз.

Гулшат Асилбаева, Қирғизистон Республикасидаги қозоқ диаспораси ташкилоти раҳбари:

- Хиёбон очилиши қардош халқлар дўстлиги рамзи бўлиб хизмат қилади. Қалбларимиз бир, бир-биримизни яхши тушунамиз. Биргаликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширганмиз. Булар бизни нафақат иқтисодий, балки маданий, дўстлик-қардошлик ришталари ҳам боғлашини кўрсатади. Шунинг учун мазкур хиёбон барпо этилгани рамзий маънога эга. Хиёбон дўстлигимизнинг тимсоли бўла олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси