Қозоғистонлик ҳарбий альпинистлар халқаро «Эльбрус халқаси» армия ўйинларига тараддуд кўрмоқда. Ушбу мусобақа уч босқичдан иборат бўлиб, якуний мақсад - Эльбрусга кўтарилиш. Ҳозирда ҳарбий хизматчилар Тоғ тайёргарлиги марказида машқ қилмоқда. Дастурга индивидуал ва жамоавий қояга ўрмалаш, ориентир олиш, тезоқар дарёлардан кечиб ўтиш киритилган. Аскарлар Маншук Маметова музлигига қадар марш уюштирди, музлик Илиорти Алатауда, тўрт минг метрдан зиёд юксакликда жойлашган. Машғулотларни таниқли қозоғистонлик альпинистлар ўтяпти. Улар орасида Эверестни забт этган Мақсут Жумаев ҳам бор. Таъкидлаш керак, ҳарбий хизматчиларимиз ҳар йили «Эльбрус халқаси»да иштирок этиб, яхши натижалар кўрсатиб келмоқда.
Семсер Махабил, мобиль машқлар гуруҳи бошлиғи:
- Жорий йил апрелидан бошлаб, махсус операция кучлари ҳарбий хизматчилари «Эльбрус халқаси»да қатнашиш учун саралашдан ўтяпти. Мазкур мусобақалар 5 йилдан бери ўтказилади. Шу йиллар давомида бизнинг Қозоғистон жамоаси совринли ўринларни қўлга киритган. Ўйлаймизки, бу йил ҳам юқори ўринни оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси