Қозоғистон  Луврда миллий кўргазмасини ташкил қилади

Париждаги Лувр саройида Қозоғистон миллий кўргазмаси ўтказилади. Томонлар ўртасида дастлабки келишув  ва павильоннинг концептуал режаси имзоланди. Вернисаж 2026 йилга мўлжалланган. У «Қозоқ дашт цивилизациясининг маданий коди», деб аталган, мамлакатимизни боболардан қолган анъанавий меросимиз воситасида дунёга танитишга мўлжалланган йирик лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Маданият ва ахборот вазирлиги ҳозир кўргазмани ташкил этиш билан машғул. Вазирликда таъкидлашларича, тадбир француз ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлайди. Мазкур ғоя президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўтган йили ноябрь ойида Францияга қилган ташрифи давомида тилга олинганди. Жаҳоннинг энг машҳур ва гавжум музейи залларида эрамиздан аввалги IV минг йилликдан XIX асрнинг ўрталаригача бўлган артефактлар намойиш қилинади. Экспозиция асосини Қозоғистоннинг қатор музейлари жамғармаларидан олинган раритетлар ташкил этади.

Гульзейнеп Пазилова, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи:
- Ҳозир Луврда экспозиция учун экспонатлар сараланмоқда, уларнинг рўйхати тайёрланяпти. Бу қимматли асори-атиқалар мамлакатимизнинг турли-туман маданияти ва тарихини ўзида акс эттиради. Экспозиция қозоқ халқининг бой меросини оммалаштиришга хизмат этади. Тадбир икки-уч ой давом этиши режалаштириляпти.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.