COVID-19-га қарши эмланганлар космосдан кузатиш мумкин бўлган радиосигнал чиқаради. Вакцинанинг ўзига вирус юққан, бундан ташқари, унда одамлар ҳаракатини кузатиб борувчи чип ҳам бор. Шу ва бошқа миш-мишлар коронавирусга қарши вакцинация атрофида тарқатилмоқда. Улар ҳеч қандай далил-исботга эга эмас. Лекин одамларни ташвишга солган ҳолда деярли нур тезлигида жаҳон бўйлаб ёйилмоқда. Қозоғистонда йил бошидан буён эмлаш тўғрисида ёлғонлиги аниқ бўлган маълумот тарқатганлик учун 7 та жиноий иш қўзғатилди. Мутахассислар таъкидлашича, бундай миш-мишлар вирусга қарши курашда катта зарар етказиши мумкин.
Нурбўл Тасмағамбетов, Қозоғисон Республикаси ички ишлар вазирлиги тергов департаменти алоҳида муҳим ишлар бўйича катта суриштирувчиси:
- 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо кўзда тутилган. Ички ишлар органлари томонидан оммавий ахборот воситалари, интернет бундай ҳолатлар мавжудлиги юзасидан мунтазам мониторинг қилиняпти. Вазиятга кўра, бундай маълумот қандай тарқалгани ва нима оқибатларга олиб келгани ҳисобга олинган ҳолда жазо белгиланади.
Умумжаҳон тармоғининг Қозоғистон сегментида қалбаки вакцинация сертификатлари ва ПЗР-тест сотиб олиш таклифлари учрамоқда. Қалбаки ПЗР-тест учун 25, вакцинация паспорти учун 11 та жиноий иш очилди. Бундай фактларни аниқлаш бўйича ишлар тун-кун давом этяпти. Бу ҳужжатларни сотганлар ҳам, харид қилганлар ҳам жазоланиши кўзда тутилган.
«Қалбаки ҳужжат тайёрлаганларга тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш, фойдаланганларга 40 суткагача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин. Бундан ташқари, ёлғон ҳужжатларни харид қилишга интилганлар товламачилик қурбони бўлиши ҳам мумкин», дея хабар беради ИИВ матбуот хизмати.
Бундан ташқари, бу жиноят учун салкам 6 миллион тенгегача жарима солиниши ҳам мумкин. Ҳуқуқ-тартибот органлари бундай иш қилмасликни, қалбаки ҳужжат олиш ёки нотўғри ахборот тарқатиш туфайли жиноий жараёнларга аралашиб қолмасликни тавсия этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси