Жаҳондаги ягона квант офтальмолог - қозоғистонлик

Жаҳондаги ягона квант офтальмолог - қозоғистонлик

Кўз касалликларини эрта босқичларида аниқлаш. Квант микроскопи бу ишда мамлакатимиз мутахассисларига ёрдам бериши мумкин. Қозоғистонлик Мухит Қулмағанбетов шундай ускуна яратди. Ёш олимнинг аппарати квантлашган фотон ёрдамида ишлайди. Бундай ускуналар дунёда фақат иккита – Канадада ва  Гонконгда мавжуд.  

Мухит Қулмағанбетов, квант офтальмологияси  бўйича Гонконг лабораторияси раҳбари:

- Дейлик, сиз бир объектдан бошқасига ёруғлик, фотон юбормоқчисиз. Нур чиқарувчидан қабул қилувчига. Фотон бу масофани босиб ўтгунича ўз тузилишини ўзгартира олади. Биз эса фотон ўзгармаслигига эришишни истаймиз. Бунинг учун унинг квантлашган ҳолатини ўзгартириб, кейин жўната оламиз. Яъни, квантлашган фотон қабул нуқтасига боради, ўзгаришларини  қайта такрорлаб, аслига қайтади. Буни ўз-ўзини даволаш, дейиш мумкин. Квантлашган, ёки сарсари фотон шундай хусусиятга эга.

Офтальмология билан Мухит Алматидаги Асфендияров номли тиббиёт университетида ўқиб юрганида қизиқиб қолган. Олий ўқув юртида у энг яхши талабалардан бири бўлди, турли хорижий таълим дастурлари бўйича қўшимча билим олди. Кўз касалликлари Қозоғистон илмий-тадқиқот институтида резидентурада ўқиётганида ёш олимни Буюк Британиядаги Кардифф университети докторантурасига таклиф қилдишди. Ушбу таълим даргоҳида Мухит қатор тадқиқотлар ўтказди, сунъий интеллект учун кодлар ёзди. Кейин бир қанча олимлар билан бирга оптик томограф устида ишлади. Бу ускуна ёрдамида окулистлар кўз пардасидаги ўзгаришларни молекуляр даражада кузата олади.

Мухит Қулмағанбетов, квант офтальмологияси  бўйича Гонконг лабораторияси раҳбари:

– Биз алоҳида эътибор беришни мўлжаллаган касалликлардан бири – макуляр дегенерация. Бу патология дунё бўйлаб жуда кенг тарқалган, одатда кўриш қобилиятини йўқотишга олиб келади. Лойиҳамизда илгарилашга муваффақ бўлсак, кўп офтальмологлар ва беморлар учун имкониятлар очилган бўларди. Ва биз макуляр дегенерацияга эрта ташхис қўйган, эртароқ даволай бошлаган бўлардик. Шу жумладан, юзага келадиган дистрофик жараёнларни ҳам. Шунингдек, глаукомани олайлик. У аслида кўз билан эмас, марказий нерв тизими билан боғлиқ. Альцгеймер, Паркинсон касалликлари даволанарди.

Мухит кўз касалликларига боғлиқ тадқиқотлар билан чекланиш ниятида эмас. У Нобель мукофоти совриндори, кўзни тузатиш учун лазердан фойдаланишни кашф қилган Донна Стрикленд бир лойиҳа устида ишлаш ниятида. Бундан ташқари, ёш олим Американинг НАСА агентлиги билан бирга кўз касалликларидан азобланаётган астронавтлар учун махсус даволаниш ва саломатликни тиклаш дастурини яратишни ўйлаяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси