Хитой билан алоқалар ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Хитой билан алоқалар ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Астанада Қозоғистон-Хитой дипломатик муносабатларининг 30 йиллигига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Юбилей нашрда кўпйиллик яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали алоқалар ривожининг энг муҳим босқичлари таҳлил этилган. Унда имзоланган стратегик ҳужжатлар хронологияси, икки томонлама шартномалар тўлиқ рўйхати берилган. Шунингдек, китобга ноёб фотосуратлар, муҳим маълумотлар киритилган. Муаллифлар таъкидлагани каби, булар ҳаммаси Ташқи ишлар вазирлиги, Биринчи Президент кутубхонаси ва «Казахстанская правда» газетаси архив материаллари ичидан саралаб олинган. Китоб уч тил – қозоқ, рус ва хитойча блоклардан иборат. Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Тимур Шаймергенов, китоб муаллифлари жамоаси вакили:

- Ушбу китобнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда илк ўрнатилган давридан бошлаб Қозоғистон-Хитой муносабатлари эволюцияси кўрсатиб берилган. Мулоқот қандай бошлангани, қачон бошлангани, нималарга урғу берилгани кўрсатилган. Эволюция жараёнида биринчи ришталар ўрнатилган, хавфсизлик масаласидан савдога ўтилган, сўнгра нефть-газ йўналиши, транспорт масаласи ҳал этилган. Бугун эса биз Қозоғистон 21-аср Ипак йўлининг асосий давлатига айланганини кўриб турибмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.