Эрон Президенти Астанага расмий ташриф билан келди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Масъуд Пезешкиённи Ақўрдада кутиб олди. Юқори мартабали меҳмон шарафига тантанали маросимлар
залида фахрий қоровул саф тортди. Президент оркестри икки давлат мадҳиясини ижро қилди. Сўнгра тор ва кенг таркибда, икки давлат делегациялари иштирокида музокаралар ўтказилди. Қозоғистон Президенти таъкидлашича, Эрон – мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги энг муҳим ҳамкорларидан бири. Сўнгги 10 ой ичида давлатлар орасида товар алмашинуви 40 фоизга ўсди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз бу
кўрсаткичларни янада ошириш ниятидамиз, бунинг учун ҳамма имкониятлар бор. Инвестициялар узоқ муддатли
ҳамкорлик кафолати. Бугунги кунда Қозоғистонда 700 тага яқин Эрон компанияси саноат,
инфратузилмалар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида муваффақиятли ишлаяпти. Ўз
навбатида, Қозоғистон тадбиркорлари Эрон иқтисодига фаол инвестиция
киритяпти. Тоғ-кон саноати, транспорт-логистика соҳаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш
каби соҳаларда лойиҳаларни рўёбга чиқаряпти.
Мамлакатларнинг транспорт-логистика соҳасидаги
ҳамкорлиги алоҳида эътиборда. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, бу йўналишда алоқаларни мустаҳкамлаш учун икки
давлатнинг стратегик қулай ҳудудда
жойлашганидан самарали фойдаланиш зарур. Қозоғистон орқали Европа ва Хитой ўртасида қуруқлик орқали ташилаётган
юкларнинг 85 фоизи ўтади. Томонлар «Шимол – Жануб» транспорт йўлаги ва «Қозоғистон – Туркманистон – Эрон» темирйўл йўналиши
салоҳиятини кучайтиришдан манфаатдор. Йил бошидан буён бу йўналишда юк ташиш 53 фоизга кўпайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бу ҳар икки томон
манфаатига мос лойиҳа. Қозоғистон темир йўлларни модернизация қилишга, транспорт магистраллари қуриш, Каспий денгизи орқали кема қатновини
фаоллаштиришга киришди. Биз Эрон инвесторларини ушбу ташаббусларга қўшилишга чақирамиз, махсус таклифлар
тақдим этишга, хусусий секторнинг манфаатдор шахсларига имтиёзлар беришга тайёрмиз. Биз Эронни Жанубий-Шарқий Осиё ва Африкага олиб чиқадиган дарвоза
сифатида кўряпмиз.
Қишлоқ хўжалиги ҳам ҳамкорликнинг муҳим
йўналишларидан бири. Давлат раҳбари таъкидлашича, ўтган йили Қозоғистон Эронга 500 минг тонна арпа жўнатди, маҳсулот ҳажмини бир неча марта орттириш имкони бор. Умуман олганда, мамлакатимиз Эронга қиймати 200 миллион доллар бўлган товар экспорт қилди. Президентлар энергетика, тоғ-кон соҳаси, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, минтақалараро ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш
бўйича қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Масъуд Пезешкиён, Эрон Ислом Республикаси Президенти:
– Давлатингиз билан
ҳамкорлик биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Ҳукуматлар, идоралараро алоқалар йўлга қўйилган. Кўплаб халқаро ва минтақавий масалаларда тутган
йўлимиз бир хил. Евроосиё Иқтисодий иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик
ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги
ташкилоти доирасида тиғиз ҳамкорлик қиляпмиз. Бу йўналишда ишларни кучайтириш – умумий вазифамиз.
Музокаралар якунига кўра, томонлар Қўшма баёнот қабул
қилди, тўққизта ҳужжат, шу жумладан, Қозоғистон
Президенти Телерадиомажмуаси ва Эрон радиоэшиттиришлар ва телевидение ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум алмашинилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

