Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги товар айланмаси ошади

Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги товар айланмаси ошади

Қозоғистон ва Венгрия ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш ниятида. Бунга имкон қадар қисқа вақтда эришиш кўзланяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Виктор Орбан Қозоғистон  - Венгрия муносабатларининг аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилишди. Венгрия Бош вазири Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Тор ва кенг доирадаги музокаралардан аввал, муҳтарам меҳмон Ақўрда қароргоҳида кутиб олинди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф ўзаро алоқаларга туртки беришини ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг 10-юбилей саммитида иштироки учун миннатдорчилик билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев икки халқнинг умумий тарихга эгалигини алоҳида таъкидлади. Бу ҳолат ўзаро фойдали ҳамкорлик учун асос бўла олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўрта асрларда Европага Тўрғай даштларидан кўчиб борган халқнинг авлодлари ҳозир Венгрияда яшайди. Биз бу билан фахрланамиз. Умумий ҳаракатимиз сабабли қозоқ-венгер интеграцияси барча соҳаларда жадал ривожланяпти. Жаноб Бош вазир, сиз бу жараёнга бебаҳо ҳисса қўшаяпсиз. Биз қардошлик муносабатлари ва ўзаро фойдали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз.

Ўз навбатида, Виктор Орбан мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади, Венгрия ҳамиша Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб қолишини билдирди.

Виктор Орбан, Венгрия Бош Вазири:
- Биз муносабатларга янги туртки бериш учун келдик. Ушбу минтақада сизлар билан яқин тарихий алоқаларимиз бор. Муваффақиятларингиздан қувонамиз. Қозоғистон – салмоқли натижаларга эриша олган буюк мамлакат. Қозоғистонга қилган ҳар бир сафаримдан улкан таассуротлар олиб қайтаман.

Жаҳон геосиёсатида таранглик мавжуд бўлгани ҳолда, Қозоғистон ва Венгрия ўртасида товар айланмаси ўтган йили 20 фоиздан кўпроққа ошди. Барча шарт-шароитлар яратилганини, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия,  Тадбиркорлар кенгаши мавжудлигини ҳисобга олсак, бу сўнгги марра эмаслигини англаймиз. Қозоғистон  Венгрияга юздан зиёд турдаги 700 миллион доллар қийматга эга товар етказиб бера олади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўзаро фойдали лойиҳалар рўйхати ишлаб чиқилади. Йил охиригача Ғарбий Қозоғистондаги «Рожковское» йирик газ-конденсат кони фойдаланишга топширилади, унда Венгриянинг MOL нефть-газ компанияси 192 миллион доллар сармоя билан иштирок этяпти. Шунингдек, Globalia корхонаси мамлакатнинг қатор минтақаларида қуёш электростанцияларини бунёд этиш ниятида.

Қозоғистон – Венгрия муносабатлари ривожланишида маданий-гуманитар соҳа олтин кўприк вазифасини бажармоқда. Венгрия Ҳукумати ёрдамида 10 йилдан буён қозоғистонликлар Венгрияда таълим грантларини олаётир. Томонлар дастурни давом эттириш тўғрисида меморандумни имзолади. Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга I даражали «Дўстиқ» орденини тақдим этди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.