Ерлан Айтуаровнинг шахсий кўргазмаси очилди

Ерлан Айтуаровнинг шахсий кўргазмаси очилди

Қадимий туркийлар нигоҳидаги дунё яратилиши тарихидан бугунги кунгача. Пойтахтда қозоғистонлик рассом Ерлан Айтуаровнинг «Туркий жебеси» деб номланган кўргазмаси очилди. Экспозицияга муаллифнинг 80 та картинаси киритилган, улардан кўпчилиги тарихий тасвир, портрет ва пейзаж жанрида. Ҳозир рассомнинг яна бир хусусий кўргазмаси тайёрланяпти. У хорижлик санъат мухлисларини мамлакатимизнинг ноёб миллий ўзига хослиги билан чуқур таништиради. Шуни ҳам айтиш керакки, Ерлан Айтуаров ишлари Қозоғистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам кенг оммалашган. Улар Россия, Франция, Исроил ва Германиядаги хусусий коллекцияларда сақланмоқда.

Ерлан Айтуаров, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, рассом:

- 40 йилдан буён тарихий пейзажлар чизаман. Бу йўналишда ишлаш осон эмас. Тарихни чуқур ўрганиш, архивларни кўриб чиқиш зарур. Экспедицияларда қатнашганман, Олтин одамдан бошлаб, турли экспонатларни ўргандим. Олтойга бордим. Нима учун бу йўналишда ишлаяпман? Чунки бу бизнинг тарихимиз. Уни ёдда тутишимиз ва эъзозлашимиз керак.

Ермухан Жунисхан, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, Қозоғистон Республикаси Бадиий Академияси Вице-Президенти:

- Рассом услубига келсак, унинг ўзига хос дастхати, ранглар жўшқинлиги сезилади. Гап турли ранг элементларидан моҳирона фойдаланишдагина эмас, шу тариқа ўзининг ички шахсиятини намойиш эта билишида. Уста асарларида она замин, ўз ватанига муҳаббат яққол сезилади. Қозоғистон табиатига хос ажойиб пейзажлардан ташқари, муаллиф диққатга сазовор жойлар ва тарихимизни ўз полотноларида мукаммал тасвирлаб берган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.