Ўтмиш илдизларини чуқурроқ ўрганиш: номадларнинг ўзига хос маданиятига сингиш, қозоқ халқининг қадимий урф-одат ва анъаналари билан танишиш. Атирау вилоятида очилган дастлабки этнопаркда мана шуларга гувоҳ бўлиш мумкин. Миллий услубдаги диққатга сазовор маскан шаҳар аҳли ва меҳмонлари эътиборини ўзига жалб этди.
БЛИЦ:
- Бу ерда қозоқ маданияти кўрсатилган, ўтов безаклари қандайлигини билиш мумкин.
- Мана, арғимчоқ, ўтов бор экан.
- Гўзал маданиятни, ўтов, паркни кўриш, дўстлар билан сайр қилиш мумкин.
- Менга алтибақан ёқди. Чиройли ўтовлар бор. Камондан ўқ отиш жуда мароқли. Кўплаб ажойиб қўшиқлар куйланяпти.
Этнопарк ҳудудида маҳаллий усталар яратган турли-туман миллий буюмлар мавжуд. Туристлар қозоқ ошхонаси таомларини татиб кўриши, туя миниб, сайр қилиши, арқон тортиш ёки камондан ўқ отиш каби қадимий миллий спорт турларида куч синашиши мумкин. Ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида мавзуга бағишланган.
Гулжан Кузекешева, лойиҳа муаллифи:
- Биз бу ерда санъат тарихи, анъана ва урф-одатларни акс эттиришга интилдик. Биз учун ёшлар аждодларимизнинг маданий қадриятларини билишлари жуда муҳим. Ушбу маскан очилганидан буён унга қизиқиш ортиб боряпти, тобора кўпроқ меҳмон келяпти.
Ўтешқали Амиров, Еркинқала қишлоғидан:
- Шу ерда яшовчи шахс сифатида таъкидлайман, бу ноёб ва фойдали лойиҳа. Бу жойда халқимизнинг тарихи ва анъаналари намойиш қилинади. Ёшлар учун мазкур даргоҳда вақт ўтказиш жуда фойдали.
Атирау вилояти ички туризмни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга, дейди экспертлар. Авваллари аҳоли фақат Каспий денгизи соҳиллари ёки Ақжайиқ қўриқхонасида ҳордиқ чиқарган бўлса, энди бу рўйхатга яна бир маскан қўшилди. Таъкидлаш лозимки, келгуси уч йил давомида маҳаллий раҳбарият минтақада яна 9 та туристик объект қурилишини якунлаш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.