Ер қаъри ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар қабул қилинди

Ер қаъри ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар қабул қилинди

Қозоғистондаги барча янги йирик конлар миллий компаниялар иштирокида, улар  улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган шаклда ўзлаштирилиши шарт. Бунда геологик захиралари нефть бўйича 100 миллион тоннадан, газ бўйича 50 миллиард кубометрдан зиёд  бўлган конлар йирик деб ҳисобланади. Мажилис депутатлари ер қаъри ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунга шу ва бошқа ўзгартишларни иккинчи ўқишда қабул қилди. Айни пайтда, янги меъёрлар ер қаъридан фойдаланувчилар учун маъмурий жараёнларни ярим йилдан икки ойгача қисқартиришга қаратилган. Шу билан бирга, такомиллаштирилган намунавий шартнома бўйича инвесторлар учун берилган имтиёзлар пакети туфайли республикада соҳага келаётган сармоя ўсаётгани кузатилмоқда. Қонунчиликдаги янгиликлар, депутатлар фикрича, ҳар йили геология разведкасига 200 миллиард тенгегача инвестиция жалб этишга имкон беради. Бу эса қазиб олиш ҳажмини, ҳатто қазилма битаётган конларда ҳам, 2045 йилга қадар 60 миллион тоннага ошириш учун замин яратади.

Едил Жанбиршин, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Экспертлар маълумотига кўра, Қозоғистоннинг 15 та чўкинди ҳавзасидаги углеводород захираси миқдорий жиҳатдан 76 миллиард тонна стандарт ёқилғи сифатида баҳоланади. Бу захиранинг каттагина қисми Каспийбўйидаги девон ва девонга қадар бўлган қатламлар, деб тахмин қилинади. Улардан 64 миллиард тоннаси Каспийбўйи ҳавзасига тўғри келади. Бу улкан рақам. Мана, нима учун биз геологик қидирув ишларини жадаллаштиришимиз даркор.

Абдумалик Сарманов таржимаси.