Қозоғистонликлар учун  Исроилга самолёт юборилади

Қозоғистонликлар учун  Исроилга самолёт юборилади

118 нафар қозоғистонлик Исроилдан ватанга қайтиш истагини билдирди. Эртага улар учун махсус авиарейс ташкил қилинади. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилишича, Исроилда бирорта қозоғистонлик ҳалок бўлгани, жабрлангани, гаровга олингани тўғрисида маълумот йўқ. Қозоғистон дипломатик идораларида 77 фуқаро рўйхатга олинганди. Олий таълим даргоҳларида 5 қозоғистонлик ўқийди. Шунингдек, 400 нафар атрофида юртдошимиз консуллик ҳисобига турмаган ҳолда Исроилда юрган бўлиши мумкин.

 Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Қозоғистоннинг Ташқи ишлар вазирлигида ва Тель-Авивдаги Қозоғистон элчихонасида Исроилда қолиб кетган қозоғистонликлар ва уларнинг Қозоғистонда истиқомат қилувчи яқинлари учун қайноқ линия ташкил этилди. Икки кун ичида биз 500 дан зиёд қўнғироқ ва мурожаат қабул қилдик.  Тель-Авивдаги дипломатларимиз Исроилдаги Қозоғистон фуқаролари билан мунтазам алоқада. Ватандошлар билан тезкор мулоқотга киришиш учун мессенджерда махсус чат очилган, унга Исроилда вақтинча ёки доимий яшаётган 200 нафар Қозоғистон фуқароси киритилди.

Ташқи ишлар вазирлигида таъкидлашларича, Қозоғистоннинг Исроилдаги элчихонаси ходимлари ишлашда давом этяпти. Вазирлик қошида тезкор штаб ташкил қилинди. Қозоғистон томонларни муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

 Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Қозоғистон  Фаластин – Исроил зиддиятлари тинч аҳоли ўртасида кўплаб қурбонларга олиб келган жиддий кескинлашиши юзасидан чуқур хавотир билдирди. Томонларни вазиятни сиёсий усуллардан фойдаланиб, тинчликни сақлаган ҳолда ҳал этиш йўлларини ахтаришга чақирамиз. Фақат икки давлат эмас, бутун Яқин Шарқда вазият янада кескинлашишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга бормасликка чақирамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.