«Элбоши тўғрисида» қонун кучини йўқотди

«Элбоши тўғрисида» қонун кучини йўқотди

Барча собиқ давлат раҳбарлари бир хил ҳуқуқ-ваколатларга эга бўлиши лозим. Мажилис депутати Айдўс Сарим “Элбоши тўғрисида”ги қонун  ўз кучини йўқотганини шундай изоҳлади. Пленар йиғилишда биринчи президент ваколатларини белгилаб берувчи конституциявий қонунни бекор қилиш таклифини Мажилиснинг 90 нафар депутати бир овоздан қўллаб-қувватлади. Парламент қуйи палатасида таъкидланишича, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Қозоғистонда олиб борилаётган ислоҳотларга йўналтирилган қонунларга мувофиқлаштириш доирасида ўзгаришлар амалга оширилди.

Айдос Сарим, Қозоғистон Республикаси Парламент  Мажилиси депутати:

- Ўз вақтида Элбоши тўғрисидаги қонунга биринчи президентга оид кўплаб истиснолар киритилганди. Биз, депутатлар, нечанчи бўлиб сайланганидан қатъи назар, барча экс-президентлар бир хил ҳуқуққа эга бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу биринчидан. Иккинчидан, фақат Элбоши ҳақидаги қонун эмас,  хавфсизлик ва бошқа соҳаларга оид кўп масалалар муҳокамага қўйилган. Ишчи гуруҳ улар устида бир неча йиғилиш ўтказади.

Қонунан Қозоғистоннинг собиқ етакчиси Нурсултон Назарбоевга «Элбоши» мақоми берилганди. Бундан ташқари, аввалги қонунда унинг оиласи дахлсизлигини сақлаш кафолати, собиқ президент яшаш жойи, алоқа, транспорт, қўриқчилар, тиббий ёрдам ва бошқалар билан таъминланиши кўзда тутилганди.

Абдумалик Сарманов таржимаси