Тадбиркорлар
кенгашидан сўнг Қозоғистон Президенти Хитой
бизнеси етакчилари билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев China National Petroleum
Corporation директорлар кенгаши
раиси Дай Хоулян билан Ақтўбе вилоятида карбамид заводи қуриш масаласини
муҳокама қилди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюн билан эса
Давлат раҳбари Қозоғистонда «яшил» ва интеллектуал технологияларни
ривожлантиришни кўриб чиқди. Мазкур молиявий ташкилот
республикадаги қатор лойиҳаларга 2 миллиард доллар сармоя киритган.
Қозоғистон
Президенти Huawei технологик компанияси директорлар кенгаши раиси Хуа Лян билан
илғор технологиялар ва рақамли ечимлар масаласини муҳокама қилди. Компания
мамлакатимизда сервер инфратузилмаларини модернизация қилиш ҳамда инновациявий
телекоммуникация технологиялари билан шуғулланади.
Давлат раҳбари
Sany Group директорлар кенгаши раисини ҳам қабул қилди. Сян Вэньбо
корпорациянинг Қозоғистонда юқори технологик ишлаб чиқариш яратиш режасини
билдирди. Sany Group ҳозирнинг ўзида мамлакатда 1 ГВт қувватга эга шамол
электростанцияси қуриш лойиҳаси устида ишлаяпти.
Energy Engineering
Group бош директори Ни Чжэнь Президентга Қозоғистон шимолини жануби билан
доимий ток линияси ёрдамида улашни таклиф қилди. Хитой компанияси, шунингдек,
маълумотлар марказига сармоя киритиш ниятида.
Давлат раҳбари
Хитой ядро саноати миллий корпорацияси директорлар кенгаши раиси Шэнь Яньфэн
билан атом саноати соҳасида ҳамкорлик масаласини кўрди.
CRRC директорлар
кенгаши раиси Сунь Юнце билан учрашувда Қосим-Жўмарт
Тўқаев Қозоғистонда локомотив ишлаб чиқаришини локаллаштириш ва сервис
марказлари яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

