Экспертлар Президентнинг Нью-Йоркка ташрифи тўғрисида фикр билдирди

Экспертлар Президентнинг Нью-Йоркка ташрифи тўғрисида фикр билдирди

Сиёсатшунослар Қозоғистон Президентининг Нью-Йоркка ташрифи стратегик аҳамиятга эгалигини таъкидлаяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев дунёнинг энг йирик трансмиллий корпорациялари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашди. Мамлакат нефть-газ соҳаси етакчилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаяпти, илғор технологиялар, «яшил» энергетикани ривожлантириш масаласини муҳокама қиляпти. Сиёсатшунос Султан Акимбеков фикрича, буларнинг ҳаммаси Қозоғистон учун ҳам, Марказий Осиё учун ҳам катта аҳамиятга эга. Ушбу ташрифнинг асосий воқеаларидан бири — транспорт йўлакларининг ривожланиши. Қозоғистон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги логистика хаби сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаш ниятида. Айни вақтда,  Каспий денгизи орқали Хитойдан Европага олиб чиқувчи Ўрта йўлакнинг аҳамияти катта. Савдодаги зиддиятлар ва глобал беқарорлик шароитида ҳам қисқа, ҳам хавфсиз йўналиш сифатида ушбу йўлга талаб ортади. Бу эса унинг жозибадорлигини оширади. 

Султан Акимбеков, сиёсатшунос: 

- Биз материкнинг ўртасидамиз. Биз учун муваффақиятнинг ягона йўли – барча денгиз портларига маҳсулот етказиб беришни осонлаштиришдан иборат. Агарда асосий товар оқимлари биз орқали ўтса, янада яхши.  Ҳозир Ўрта йўлак, Хитойдан Европага олиб чиқувчи, Шимол – Жануб йўллари бор. Агарда биз тегишли миқдорда локомотивларга эга бўлсак, буларнинг ҳаммаси мультипликатив самара беради. 

Таъкидлаш лозимки, Давлат раҳбари ташрифи доирасида Қозоғистон ва АҚШнинг йирик компаниялари ўртасида 11 та шартнома ва меморандум имзоланди. Президент Матбуот котибининг ёрдамчиси Руслан Желдибай маълум қилишича, бу ҳужжатлар мамлакат иқтисодига 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция олиб келади ва транспорт, логистика, энергетика, ахборот технологиялари каби стратегик соҳаларни қамраб олади. Экспертлар фикрича, буларнинг ҳаммаси яқин йилларда катта иқтисодий самара беради, Қозоғистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеини оширади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси