25 октябрь куни Қозоғистонда миллий байрам — Республика куни нишонланади. 1990 йилда Қозоғистон ССР Олий кенгаши қарорига кўра давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мустақил мамлакатнинг оёққа туришидаги биринчи қадам бўлди. Дунё иқтисоди ва сиёсати институти экспертлари фикрича, Республика куни илк қадамларни эслатади, халқ бирлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилади.
Арман Тўқтушақов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Дунё иқтисоди ва сиёсати институти эксперти:
– Мустақил давлатга хос бўлган асосий атрибутлар 1990 йил 25 октябрда қабул қилинган мазкур ҳужжатда ўз аксини топган. Яъни, бу ҳужжат суверен ривожланишнинг илк қадами, азалий босқичи бўлиб, қолган барча жараёнлар ундан келиб чиққан. Кейинчалик қабул қилинган давлат мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий қонун, бир неча йил кейин, 1993 йилда қабул қилинган конституция, бугунги кунгача асосий қомусимиз бўлиб келаётган 1995 йил конституцияси ҳам ана шу декларацияга таянган ҳолда ишлаб чиқилди.
Аналитиклар таъкидлашича, айнан шу кунда – 1990 йилнинг 25 октябрида асосий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши билан бирга эркин ва мустақил Қозоғистон жамияти қурилиши учун пойдевор ўрнатилди. Чунки айнан мазкур декларацияда биринчи марта давлат яхлитлиги, халқлар тиллари ва маданиятини ривожлантириш, миллий ўзига хосликни мустаҳкамлаш тамойиллари қўйилганди.
Арман Тўқтушақов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Дунё иқтисоди ва сиёсати институти эксперти:
– Декларация сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ечимлар қабул қилиш ҳуқуқини мамлакат раҳбарияти зиммасига қўйган. Шунингдек, ҳокимият тақсимоти тамойиллари, куч ишлатувчи органлар, тўғрироғи, уларни, шу жумладан ички ишлар, хавфсизлик органларини шакллантиришдаги мустақиллик, мустақил молиявий тизим, тегишлича, алоҳида иш юритувчи банк каби иқтисодий механизмлар ва бошқалар кўзда тутилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.