Экология муаммолари ҳал этилиши имкони бор

Экология муаммолари ҳал этилиши имкони бор

Пржевальский отларини табиий шароитда кузатиш имконияти яратилади. Қозоғистонда бунинг учун махсус туристик йўналиш ташкил қилинади. Экология ва табиий захиралар вазирлигида таъкидлашларича, бунинг учун бир оз вақт керак бўлади. Шунингдек, яқинда республикага «Ёввойи отларни қайтариш» дастури асосида жониворларнинг навбатдаги гуруҳи ҳарбий самолётларда Чехия ва Венгриядан келтирилди.


Жансая Темиржан, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазирлиги Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитасининг Алоҳида бошқариладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бош эксперти:


– 7 та 2-4 ёшдаги от келтирилди. Ҳозир жониворлар ўзини яхши ҳис қиляпти. «Олтин дала» резервати ҳудудига чиқарилди. Жорий йилнинг 4 июнида 2024 йилда келтирилган отларни эҳтиёткорлик билан табиатга қўйиб юбориш ишлари амалга оширилди. Гуруҳнинг ҳаракатини кузатиш учун иккита бияга GPS-бўйинбоғ тақилди. Отлар йил давомида ўзини яхши ҳис қилди, Тўрғай даштида биринчи қишловни яхши ўтказди.


Пржевальский отларининг биринчи гуруҳини табиатга қўйиб юбориш лойиҳанинг муҳим босқичи эди. Жониворлар иқлимга кўника олди. Йил давомида реинтродукция маркази мутахассислари ва ветеринарлар отларнинг аҳволини кузатиб борди. Қўстанай вилоятидаги «Олтин дала» резервати бежиз танланмади, унда барча зарур шароитлар бор.


Сергей Скляренко, Қозоғистон Биохилмахилликни сақлаб қолиш ҳамжамияти амалий биология маркази директори:


Отлар асосан табиий озуқа билан озиқланади. Улар учун етарлича кенг майдон ажратилган. Сонига қрааб ҳисобласак, озуқа муаммоси йўқ. Бундан ташқари, йилнинг совуқ кунларида уларга бериш учун пичан захираси ғамланган. Унда турли маҳаллий ўт-ўланлар бор. Бундан ташқари, витамин қўшимчалари, илдизмевалар ҳам берилади. Яъни, рацион Чехия ҳайвонот боғи тавсия этган ва илмий асосланган таркибга мувофиқ келади. Унда тегишли калориялар ҳамда зарур витаминлар, микроэлементлар кўзда тутилган.


Таъкидлаш лозимки, беш йил ичида Қозоғистонга 40 та Пржевальский оти келтирилди. Олимлар фикрича, бу жониворларнинг кўпайиши ва барқарор популяция яратишги учун етарли.


Абдумалик Сарманов таржимаси