«Е-Salyq Azamat» иловасининг янги имкониятлари

Солиқлар бўйича ортиқча тўловларни эндиликда мобиль илова орқали назорат қилиш мумкин. Бугун Марказий Коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси раис ўринбосари Жайдар Инкербаев «Е-SalyqAzamat» иловаси имкониятлари билан таништирди. Эндиликда ортиқча тўланган маблағларни бошқа солиқларга йўналтириш ёки банк ҳисобига қайтариш мумкин. Бугунги кунгача мазкур имкониятдан беш ярим минг қозоғистонлик фойдаланди. Эслатамиз, ҳозирда бу хизмат уч тилда ишлаб турибди. Илова орқали солиқ ҳисобини олиш, қарзларни тўлаш, турли бошқа маълумотлар, шу жумладан, ишончдан чиққан тўловчилар рўйхатини кўриш мумкин. Ишланма муаллифлари айтишича, келгусида иловага янги хизмат ва қўшимчалар киритиб борилади.

ЖАЙДАР ИНКЕРБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ДАРОМАДЛАРИ ҚЎМИТАСИ РАИС ЎРИНБОСАРИ:

- Илова ривожлантириб борилади. Ундаги интерфейс орқали солиқ тўловчилар, жисмоний шахслар мулоқот қилиши, солиқ юзасидан барча хизматларни олиши имкони яратилади. Келажакда ҳатто дўконларда дата матрикс қўйилаётган алкоголь маҳсулотлари сохта эмаслигини текшира оласиз. Шунингдек, касса солиқ тизимига улангани, у орқали берилган чеклар қонунийлигини мазкур илова ёрдамида кўриш мумкин бўлади.

Ҳозир қозоғистонлик хусусий тадбиркорлар учун E-SalyqBusiness иловаси яратиляпти. У тадбиркорлик субъектини очиш-тугатишни осонлаштиришга қаратилган. Тадбиркорлар онлайн шаклда солиқ ҳисоботларини топшириши мумкин. Бундан ташқари, фискал маълумотлар операторлари хизмати учун ҳақ тўлаш ва комиссия ажратиш зарурати йўқолади.