Этник қозоқлар яшаш рухсатномасини олиш тартиби соддалашади

Этник қозоқлар яшаш рухсатномасини олиш тартиби соддалашади

Улар учун июль ойидан бошлаб махсус «Ата жўли» картаси ишга туширилади. Уни «Қутти мекен» махсус мобиль иловаси орқали расмийлаштириш мумкин. Илова яқин вақт ичида ишга тушади. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида маълум қилинишича, «Ата жўли» картаси юртимизга  профессионаллар, муваффақиятли тадбиркорларни жалб қилиш, улар салоҳиятидан фойдаланишга замин яратади. Хорижда яшаётган этник қозоқлар, фуқаролигини йўқотмаган ҳолда, картага эга бўлиши мумкин.  

Дастан Айтқулов, Қозоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги миграция қўмитаси бошқарма раиси:

- Бу миллатдошлар қайсидир пайтда олган фуқаролигини ўзгартириши шарт эмас. Агар у «қандас» мақомини олган бўлса, бир йил ичида Қозоғистон фуқаролигини олиши керак. Мабодо АҚШ, Франция ёки Германия фуқаролигини йўқотишни истамаса, «Ата жўли» картасини олиши мумкин, «қандас» мақомидагиларнинг барча ҳуқуқларига эга бўлиши, Қозоғистон Республикаси ҳудудида яшаши мумкин. Бунда фақат сиёсий ҳуқуқ бўлмайди. Яъни у сайловларда қатнаша олмайди, сайланиши мумкин эмас. Қолган барча ҳуқуқлар – ижтимоий таъминот, тиббий суғурта тақдим этилади. «Ата жўли» картаси соҳиблари мамлакатда паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар  ёки 10 йил давомида яшаши мумкин.

Таъкидлаймиз, йил бошидан бери 8 мингдан зиёд одам ўз тарихий ватанига қайтиб, “қандас” мақомига эга бўлди. Улар Ўзбекистон, Хитой, Россия, Монголия, Туркманистон ва бошқа давлатлардан келган. Этник қозоқларнинг нисбатан катта қисми Алмати, Манғистау, Туркистон ва Жамбил вилоятларига, шунингдек, Астана, Алмати ва Чимкентга жойлашган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси