Йил бошидан буён салкам 200 минг хорижлик турист келган

Йил бошидан буён салкам 200 минг хорижлик турист келган

Қозоғистонга ташриф буюраётган хорижлик саёҳатчилар сони ортмоқда. eQonaq ахборот хизмати берган маълумотга кўра, йил бошидан буён мамлакат ҳудудига 200 минг нафардан зиёд чет эллик сайёҳ келиб-кетган. Уларнинг кўп қисмини Россия, Ўзбекистон, Туркия ва  Хитой фуқаролари ташкил қилади. Статистика маълумотига кўра, саёҳатчилар биринчи навбатда Алмати ва Нур-Султонни томоша қилади. Тарихий иншоотлар ва замонавий бинолар билан уйғунлашиб кетган табиат манзаралари уларни ўзига жалб этади. Шунингдек, Қизил Ўрда, Манғистау вилоятлари ҳам сайёҳлар учун жозибадорлигича қоляпти.

 

Даниел Сержанули, «Kazakh Tourism» миллий компанияси бошқарувчи директори:

– Аввалига ЕQonaq хорижлик сайёҳларни миграция ҳисобига қўйиш учун тайёрланган. Ҳозир эса бу тизим келган саёҳатчиларнинг умумий сонини, уларга боғлиқ статистик маълумотларни ўзида жамлаб боради. Бундан ташқари, унинг ёрдамида туристларнинг умумлаштирилган портретини яратиш, сайёҳ неча ёшдалиги, қаерга боришни исташини аниқлаш мумкин. У нечанчи марта келгани, қайси минтақа ва жойларда бўлганини ҳам кўрса бўлади.

Таъкидлаш лозимки, eQonaq ахборот хизмати 2020 йил ноябрида ишга туширилган. Ҳозир у 3 та республика аҳамиятига эга шаҳар ҳамда 14 та вилоят марказини қамраб олган.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.