Олий давлатлараро кенгаш якунига кўра Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида 14 та шартнома имзоланди. Улар телекоммуникация, транспорт ва логистика, вқдо ва иқтисод, энергетика, маданият, шунингдек, Қозоғистон нефти экспортини 50 фоиз ошириш билан боғлиқ. Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши орқали жўнатилаётган Қозоғистон «қора олтини» бир ярим миллион тоннага етди. Лекин икки давлатнинг салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда бу кўрсаткич янада ошиши мумкин, дея таъкидлади президент. «Ўрта йўлак» орқали ташилаётган юк ҳажми 65 фоизга ортди. 2022 йилда 1,7 миллион тонна маҳсулот жўнатилса, ўтган йили яна бир миллион тонна кўпроқ юк бу йўналиш орқали ўтказилди. Қозоғистон терминали очилиши, «Хитой - Қозоғистон - Озарбайжон» биринчи контейнер блок-поездининг февраль ойида йўлга чиқиши Транскаспий йўналишига янги туртки беради. Таъкидлаш лозимки, Сиандан чиққан юк состави Апшеронга етиб келди. Поездни телемост форматида Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари кутиб олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, глобал вазият беқарорлашаётган бир даврда Евроосиёнинг янги транспорт-логистика каркаси шаклланмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз бугун бутун дунёда турли захиралардан ташқари айнан транспорт-логистика имкониятларидан фойдаланиш учун кураш кучайиб бораётганини кўряпмиз. Бу – стратегик соҳа. Қозоғистон ҳам, Озарбайжон ҳам табиий ҳамкорлар сифатида бу борада биргаликда иш юритяпти. Бугунги Сиань портидан Қозоғистон орқали Озарбайжонга темирйўл йўналиши очилиши кўп нарсаларни ойдинлаштиради. Бу жуда муҳим тадбир. Давлат ташрифим мобайнида бунга эришилганидан мамнунман. Биз рақамлаштириш, сунъий интеллект яратиш, Каспий денгизи остидан оптик-толали алоқа ўтказиш ҳақида гаплашдик. Буларнинг ҳар бири ўта муҳим лойиҳа.
Қозоғистон Президент оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Озарбайжонни мамлакатнинг стратегик ҳамкори, деб атади ва Бокуга қилинган ташриф муҳимлигини таъкидлади
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ушбу давлат ташрифи мамлакатлар орасидаги ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи-назаридан жуда муҳим. Мен билан бирга катта делегация келди. Бу эса қардош Озарбайжонга бўладиган давлат ташрифининг барча жиҳатлари сидқидилдан тайёрланганини кўрсатади. Бу сафаримиз улкан ютуқлар билан якунланди. Биз тегишли ҳужжатлар, шартномалар имзоланиши маросимида қатнашдик. Энг муҳими, биз келишиб олганимиз каби, ҳукуматлар ва бошқа тегишли идоралар олий даражадаги учрашувлар давомида эришилган келишувларнинг тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши учун бор кучини сарфлашади.
Давлат раҳбари таъкидлашича, музокаралар давомида кўп томонлама тузилмаларда ўзаро ҳамокрликни мустаҳкамлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Озарбайжоннинг кўплаб муҳим халқаро ташкилотларда ўзаро ҳамкорлигини тилга олди. Улар қаторида БМТ, ТДТ, ЕХҲТ, СВМДА, СПЕКА, МДҲ бор. Ва бу иш давом эттирилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.