Қозоғистонда «яшил қишлоқ хўжалиги» ривожланади. Бунинг учун қишлоқ хўжалик ерларини пестицидлардан тозалаш керак. Олимларимиз Алмати халқаро конференциясида хавфсиз технологияларни ўрганишади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти экспертлари мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари билан ўз тажрибаси ва инновациявий усулларни баҳам кўради. Хорижлик олимлар айтишича, уч йилдан буён Қозоғистон минтақаларида ифлосланган майдонларни био- ва фиторемедиациялаш ишлари амалга ошириляпти. Ишга киришишдан олдин ер текширувдан ўтказилади. Жами мингтача участканинг 160 тасида эскирган кимёвий препаратлар топилди. Уларни соғломлаштириш учун микроорганизмлар ёрдамида тозалаш ишлари ўтказиш таклиф қилинди. Бу табиий, экологик хавфсиз усул заҳарли моддаларни чиқариб ташлашда қўл келади. Экспертлар таъкидлашича, «яшил технология» заминни тиклашда ҳам қўл келади. Натижада, далаларда деградация жараёнига барҳам берилади, Қозоғистонда дон етиштириш ошишига имконият туғилади.
Таня Сантиванес, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакиллиги қишлоқ хўжалиги мутахассиси:
– Аслини олганда, бу технология у қадар янги эмас. Чунки табиатнинг ўзи уни яратган. Ушбу усуллар ёрдамида муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Биз Қозоғистон, Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида мазкур технологияларни илгарилатаяпмиз. Муваффақиятлар бор. Биоремедиация ва фиторемедиация заминни даволашга қодир, дея оламан.
Жанил Бўзаева, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилотининг Қозоғистондаги дастурлари миллий мувофиқлаштирувчиси:
– Бугунги конференциядан мақсад – пестицидлардан нотўғри ва ноўрин фойдаланиш ҳолатларига эътибор қаратиш. Ташкилот қишлоқ хўжалиги захираларидан барқарор фойдаланишни тарғиб қилади. Биопестицидларга келсак, улардан фойдаланишдаги устун жиҳат шундаки, заминни муҳофаза қилиш имкони туғилади. Мавжуд микроорганизмлар бутун бошли экотизимни ташкил қилади. Ва у одамларга ҳам таъсир қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.