«Almaty Tech Cup-2025» турнирида 3 минг нафардан зиёд ёш муҳандислар жамланди. Ушбу робототехника бўйича Марказий Осиёнинг энг йирик беллашувлари 2014 йилдан буён ўтказилади. Мамлакатимиз жамоалари, Ҳиндистон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари илғор ғояларини намойиш қилди. Танлов сув захиралари ва сув ости дунёси билан боғлиқ глобал муаммоларга бағишланди. Қатнашчилар роботлар яратишди, экотизимларни мониторинг қилиш ва денгиз флораси ҳамда фаунасини тиклаш бўйича лойиҳаларини ишлаб чиқишди. Ўқувчилар тўртта ёш тоифасидаги илмий ишланмалар ва инновациявий стартап-лойиҳаларни тақдим этишди. Ғолиблар шаҳар ҳокимининг кубоги ҳамда Қозоғистоннинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олиш имконини берувчи грантлар олишди. Энг кучли жамоалар АҚШда бўлиб ўтадиган робототехника чемпионатига йўл олади.
Айханим Шамшадин, иштирокчи:
– Биз бу беллашувларга катта тайёргарлик билан бордик. Аввал ҳам мусобақаларда қатнашганмиз. Ғалаба қозониш, Хьюстонга йўлланма олишга умидвормиз. Билимларимизни намойиш этиш, муҳандислик соҳасида ривожланиш ниятидамиз.
Нурлибек Нуржанов, «USTEM FOUNDATION» жамоат жамғармаси лойиҳалари раҳбари:
– Қозоғистонлик болаларнинг салоҳияти катта. Бугунги кунда мамлакат уч карра «FIRST Global Challenge» робототехника биринчиликларида дунё чемпиони бўлган. 2022 йилда Швейцариянинг Женева шаҳрида 180 давлат ичида 1-ўринга чиқса, 2023 йилдаги Сингапур беллашувларида 191 давлат қаторида биринчи бўлди. Ўтган йили Грециянинг Афинаа шаҳрида ҳам мамлакатимиз чемпионликка эришди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

