Қўстанай вилоятига қилган амалий ташрифи давомида Қосим-Жўмарт Тўқаев Тобол шаҳри аҳолиси билан учрашди. Президент тошқиндан зарар кўрганларга ёрдам кўрсатиш устувор вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун давлат маблағи сарфланади. Ҳукумат йил давомида табиий офат оқибатларини бартараф этиши зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Энг муҳими – салмоқли миқдорда товон тўланади. Бундан ташқари, уй-жойидан айрилган ёки уларни таъмирлашга муҳтож бўлганларга маблағ ажратилади. Кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишни истовчиларга квартиралар харид қилинади ва тақдим этилади. Яшаш жойини ўзгартиришни истамаганларга уй қуриб берамиз, аммо хавфли ҳудудларда қолишларига йўл қўймаймиз. Намунали уйлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Улар синовдан ўтган. Бундай уйлар қишгача ёппасига қурилади.
Президент билан учрашувда аҳоли ўз вақтида қутқаришгани ва табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатилган жадал ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. Бу вазиятда аҳолининг ҳамжиҳатлиги намоён бўлди, тошқин бошланган илк кундан бошлаб кўнгиллилар, давлат ходимлари, қутқарувчилар елкама-елка ишлашди. Шунингдек, Давлат раҳбари бизнесменлар кўрсатган ёрдамга алоҳида эътибор қаратди. Эндиликда жабрланган ҳар бир минтақага мамлакат миқёсида иш юритаётган йирик тадбиркорлар бириктирилган, улар офат оқибатларини бартараф этишга ёрдамлашади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бизда Forbes рўйхатига киритилган йирик тадбиркорлар бор. Улар билан суҳбат ўтказилади. Ҳар бир вилоят, туман, қишлоққа бириктирилади. Ва улар аҳоли манзилгоҳлари учун жавоб беради. Бу нарса уларнинг ҳам манфаатларига тўғри келади. Чунки ўзларининг меҳнати маҳсулини кўришади. Халқига ёрдам кўрсатган хайрия қилувчилар, меценатлар фаолияти давлат эътиборидан четда қолмайди, деб ўйлайман.
Фаоллиги учун Қосим-Жўмарт Тўқаев волонтёрлар, талабалар, минтақа жамоаларига миннатдорчилик билдирди. Айнан шундай мураккаб даврларда халқнинг бирлиги кўзга яққол ташланади, дея таъкидлади Давлат раҳбари.
Абдумалик Сарманов таржимаси.