2025 йилда Сенат 102 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди

2025 йилда Сенат 102 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Йил бошидан буён Парламентнинг юқори палатаси 102 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Уларнинг ҳаммаси мамлакатнинг барқарор сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий ривожланишини таъминлашга қаратилган. Сенаторлар янги Бюджет, Солиқ ва Сув кодексларини тасдиқлашди. Ҳукуматга 130 тадан зиёд депутатлик сўрови йўллади. Депутатлар мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга йўналиш — рақамлаштиришга ҳам катта эътибор қаратди. Рақамлаштириш кодекси, сунъий интеллект тўғрисида қонун тасдиқланди.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:

- Мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев ўта муҳим вазифа – уч йил ичида Қозоғистонни рақамли давлатга айлантириш масаласини қўйди. Бугун кўриб чиқилган Рақамлаштириш кодекси бу мақсадга эришиш учун ҳуқуқий асос яратади. Кодексда рақамли муҳит объектлари ва субъектлари кўрсатилган, рақамли давлат бошқаруви ҳуқуқий механизмлари белгиланган. Хавфсизлик ҳам эътибордан четда қолмади. Рақамлаштириш кодекси барча соҳаларга замонавий технологияларини жорий қилиш имконини беради.

Бугун жуда муҳим Қурилиш кодекси, янги таҳрирдаги «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» қонуни ҳам кўриб чиқилди. Сенаторлар қонун концепциясини маъқуллашди, лекин қатор ўзгаришлар таклиф қилишди. Ҳар иккала ҳужжат Мажилисга қайтарилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси