Қўстанай вилоятида 2
триллион тенге қийматга эга саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Ҳоким Қумар
Ақсақалов 2025 йилнинг биринчи ярмида минтақани ривожлантириш ишлари бўйича Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаевга ҳисобот берди. Вилоятда қиймати 337 миллиард тенге бўлган
13 та йирик инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Транспорт инфратузилмаларини
ривожлантиришга катта эътибор қаратилган, 100 миллиард тенге маблағ ажратилган,
бу эса 2024 йилдагидан 40 фоизга кўп. Жезқазған – Петропавловск йўлидаги
участкада реконструкция ишлари якунланяпти, Қўстанай – Мамлютка йўли тўла
янгиланди, Екатеринбург – Алмати йўлида таъмир ишлари давом этяпти. 103 та
аҳоли пунктидаги 400 тадан зиёд қишлоқ кўчаларини таъмирлаш учун 29 миллиард тенге
ажратилди. Давлат раҳбари инвестиция ҳажмини ошириш, саноат ва аграр соҳани
ривожлантириш, ижтимоий инфратузилмаларни модернизациялаш, фуқаролар турмуш
даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Қумар Ақсақалов,
Қўстанай вилояти ҳокими:
- Йил охиригача 4 та
йирик завод, шу жумладан, автозавод қурилиши якунланади ва у ишга туширилади. Фақат
автозаводнинг ўзида бир ярим мингта янги иш ўрни очилади. Кейингиси – юк автомобиллари
учун тортувчи мостлар чиқарувчи завод. Учинчиси — енгил машиналар учун автокомпонентлар
заводи фаолият юрита бошлади. Шунингдек, йирик қандолат фабрикаси ҳам иш
бошлайди. Қишлоқларда 9 та замонавий сут-товар фермаси бунёд этиляпти. Уларнинг
бир қанча жорий йилдан ишга тушади. Умуман олганда, Президент иқтисодни
ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

