Қозоғистонда мамлакатдаги дастлабки илм-фан шаҳарчаси бунёд этилади. Техношаҳарга алоҳида мақом берилади, унда илғор технологиялар, илм-фан, университет ва бизнес жамланади. Янги манзилгоҳ учун Алмати яқинида 500 гектар ер ажратилди. Майдонининг учдан бир қисми олий таълим даргоҳлари, илмий-тадқиқот институтлари ва технопаркка берилади. Шаҳарча кадр тайёрлаш ва янги ишланмалар яратишда асосий ўрин тутади. Устувор йўналишлар - робототехника, электроника, биотехнология, тиббий ускуналар, агросаноат, атом энергетикаси, озиқ-овқат ва кимё саноати. Техношаҳарда янги энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, замонавий ахборот технологиялари, сунъий идрокка алоҳида эътибор берилади. Техношаҳарда тўла циклли – илмий тадқиқотлардан саноат ишлаб чиқаришигача бўлган кластерлар бунёд этилади. Концепцияни ишлаб чиқишда халқаро тажриба ҳисобга олинган. Лойиҳа Президентнинг миллий қурултойда тилга олган топшириғини рўёбга чиқариш доирасида яратилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

