Юқори инвестициявий фаоллик, савдо баланси мустаҳкамлиги, хизматлар соҳасида илгарилаш, реал секторда мунтазам ривожланиш. Жорий йилда иқтисодиётдаги асосий ўзгаришларни мазкур факторлар белгилаб берди. Аналитиклар таъкидлашича, энг аввало ахборот ва алоқа, савдо, сув ва электр таъминоти, қурилиш ва қайта ишлаш соҳаларида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Шу билан бирга инвестициялар соҳасидаги фаоллик, ички ва ташқи бозордан сармоя жалб этиш иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, асосий инвесторлар қаторида Хитойни кўрсатиш мумкин.
Ерлан Зейнешев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инвестициялар қўмитаси раиси:
- Бугунги кунда Хитой Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради. Мамлакатга сармоя киритган асосий инвестор давлатлар бешлигига кирди. 2020 йилда пандемияга қарамай ўзаро товар айланмаси 4 фоизга ошди ва 15 миллиард долларни ташкил қилди.
Шуни ҳам айтиш керакки, ўтган йили қурилишга киритилган инвестициялар 2 марта, қайта ишлаш саноатида 50,5 фоизга, қишлоқ хўжалигида 40,5 фоизга, савдода салкам 35 фоизга ортди.
Қалибек Мағзум, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги макроиқтисодий таҳлил ва прогноз департаменти бошқарув раҳбари:
- Бизда ҳозир савдо баланси мустаҳкамланди, жами 14,1 фоизга ўсди, жами 82,2 миллиард долларни ташкил қилди. Умуман олганда, бизда экспорт ўсиши кузатилмоқда. Экспорт жами 23,5 фоизга ўсди ва 49,1 миллиард долларни ташкил қилди. Шуни ҳам айтиш керакки, қайта ишланган товарлар экспорти тобора ортиб бормоқда. Қайта ишланган товарлар экспорти 24,4 фоизга ошди, жами 15,5 миллиард долларга етди.
Аналитиклар таъкидлашича, қайта ишлаш саноати 2021 йилда фаол ва барқарор ривожланди. 10 ой ичида ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 фоизга ортди. Барча минтақаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, Алмати шаҳри, Алмати ва Қизил Ўрда вилоятларида ўзгаришлар ҳар жиҳатдан катта.
Абдумалик Сарманов таржимаси