Қозоғистонда сув тежовчи технологиялар жорий этилади

Қозоғистонда сув тежовчи технологиялар жорий этилади

Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича янги технология Алмати вилояти далаларида синовдан ўтказилмоқда. Далалар учун зарур намлик миқдорини инсон эмас, балки сунъий интеллектга эга рақамли тизим ҳисоблайди. Бу жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш ва сув захираларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Ақлли сув ҳисоблагичлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилмоқда. Масалан, Қизилўрда вилоятидаги шоли майдонларида автоматлаштирилган тизимлар синовдан ўтказиляпти. Замонавий рақамли воситалар нафақат сув сарфи ҳақидаги маълумотларни тўплаш, балки янада самарали қарорларни қабул қилиш учун таҳлилий маълумотларни шакллантириш имконини беради. Агар улар сувни сезиларли даражада тежашга ёрдамлашса, Қизилўрда вилоятининг барча шоли майдонларида қурилмалардан фойдаланиш кўзланяпти.


Шўлпан Бастаубаева, Қозоғистон зироатчилик ва ўсимликшунослик илмий тадқиқот институти бошқаруви раиси:


- Қозоғистоннинг жануби, жануби-шарқида сув етишмайди, бу ерда ҳам фермерларимиз тақчилликни бошдан кечирмоқда. Ақлли суғориш усуллари синовдан ўтказилаётган стационарни намойиш этдик. Биринчидан, дронлар бутун ҳудудни айланиб, қаерга сув етишмаётганини текширади. Ҳамма ерда тупроқ намлиги датчиклари бор. Ускуналар қайси гектарга қанча сув кераклигини аниқлаш имконини беради. Шунга кўра суғориш ишлари амалга оширилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси