Қозоғистон ва Қирғизистон «Алмати – Иссиқкўл» автомобиль йўли қуриш ниятида. Бишкекда бўлиб ўтаётган Қозоғистон – Қирғизистон ҳукуматлараро кенгашининг 12-йиғилишида янги йўналишнинг техник-иқтисодий сметасини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Икки давлатни ўзаро боғловчи 280 километрли йўл Осиё Тараққиёт банки грантлари ҳисобига қурилиши мўлжалланяпти. Шунингдек, йиғилишда икки томонни боғловчи еттита чегара ўтказиш пунктини модернизациялаш бўйича Йўл харитасини рўёбга чиқариш масаласи кўрилди. Қозоғистон томони замонавий назорат ва текшириш тизимларини ишга қўшиш ниятида. «Қарасу» ва «Ақ-тилек» автомобиль ўтказиш пунктларида саноат савдо-логистика мажмуаси қуриш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Юк оқимларини кенгайтириш, қайта ишлаш марказлари қурилиши учун «Алатау» минтақавий саноат зонасига ер ажратилди. Натижада, ўзаро алоқалар янада кенгайиши кутиляпти.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Қозоғистон ва Қирғизистон орасида савдо-иқтисодий алоқалар мунтазам ривожланиб келяпти. Ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми 26 фоизга ўсди ва 1,6 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг 9 ойида товар айланмаси 1,2 миллиард доллардан ошди. Давдат бошлиқлари келишувига кўра, бу кўрсаткичлар 2030 йилгача 3 миллиард долларга етиши зарур.
Шунингдек, сув-энергетик ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш дастурлари ҳам кўриб чиқилди. Суғориш мавсуми муваффақиятли ниҳоясига етди. Бу йўналишда тизимли иш давом этади.
Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:
- Биз кўтарган масала - Киров сув омборига келсак, ўтган йилдагидан уч марта катта кўрсаткич кузатилди. Сабаби маълум. Баҳорда Жамбил вилоятининг Байзақ, Жамбил туманлари, Тароз шаҳрини сув босмаслиги учун қирғиз томонидан сувни камайтиришни, фақат заруратга кўра, ўзимиздан буюртма бўлган ҳоллардагина юбориб туришни илтимос қилганмиз.
Йиғилиш ниҳоясида томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш бўйича Йўл харитаси ва Туризмни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Шу билан бирга Иссиқкўл вилоятининг ҳудудида жойлашган курорт-рекреация хўжалиги объектларига Қозоғистоннинг мулк ҳуқуқини тартибга келтириш тўғрисида келишиб олинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

