Давлат раҳбари Катрина Класс-Мюльхойзер қабул қилди

Ўтган йили Қозоғистон иқтисодиётига киритилган бевосита немис инвестициялари ҳажми 770 миллион долларга етди. Ушбу кўрсаткич 64 фоизга ортди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Германия иқтисоди шарқий қўмитаси бошқаруви раиси, CLASS Group кузатув кенгаши етакчиси Катрина Класс-Мюльхойзер билан учрашувида икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштириш истиқболлари, Германия бизнесининг республикадаги лойиҳаларга қизиқиши ортаётгани ҳақида гапирилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Германия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги стратегик ҳамкори. Музокараларда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласи ҳам тилга олинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев барқарор зироатчилик минтақавий маркази тузиш тўғрисидаги таклифини эслатди. Президент фикрича, мазкур ташкилот мамлакат агросалоҳиятидан тўла фойдаланиш, инновациявий технологиялар жорий этиш ва уларни тижорийлаштириш имконини беради. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.