Қозоғистонда суткасига 1200 тонна маҳсулот берувчи янги мой-экстракция заводи қурилади. У Шимолий Қозоғистон вилоятида бунёд этилиши ва 2023 йилда ишга тушиши режалаштирилган. Корхонада турли мойли ўсимликлар% кунгабоқар, рапс, соя ва зиғир қайта ишланади. Мазкур завод мутлақо чиқинди чиқармаслиги кутилмоқда. Қайта ишлаш натижасида ёғ ва чорва учун озуқа олинади. Лойиҳа муаллифлари асосий маҳсулотни Хитойга экспорт қилиш ниятида. Табиий мой бу мамлакатда ўз харидорини топади.
Павел Селиванов, завод директори:
- Ушбу заводда хомашё сифатида турли уруғлар киритилади. Қайта ишлаш натижасида протеин, оқсил концентрацияси юқори озуқа олинади. Бундай озуқа Қоозоғистонда деярли чиқарилмайди. Шунингдек, мой сиқиб олинади. Ҳозир мойга эҳтиёж ортиб боряпти. Канада Хитойга юбораётган мой ҳажми камаймоқда, Америка экспорт ҳажмини пасайтирди. Шунинг учун Хитой Қозоғистон, Россия, Украинадан маҳсулот олишга интиляпти. Яъни, ҳозир мойга эҳтиёж катта.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳа Қозоғистон Тараққиёт банки молиявий кўмаги билан амалга ошириляпти. Банк вакиллари маълум қилишича, озиқ-овқат саноатига оид лойиҳалар унинг умумий портфелида кичик улушга эга. Лекин шу кунларда мазкур йўналишдаги 20 таклиф кўриб чиқилмоқда. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 40 миллиард тенгедан зиёд.
Адиль Исмағамбетов, Қозоғистон Тараққиёт банки бошқарувчи директори:
- Ушбу лойиҳа «Бизнес йўл харитаси 2025» дастури ҳамда Саноат-инновациявий ривожланиш давлат дастури доирасида амалга ошириляпти. Биз 12 йил муддатга молиялаштириш ниятидамиз. Жами 11 миллиард тенге берилади, лойиҳа умумий нархи 15 миллиард тенге.
Абдумалик Сарманов таржимаси