Қозоғистон «яшил» рақамли технологияларга ўтади

Қозоғистон «яшил» рақамли технологияларга ўтади

Томонлар тегишли шартномани имзолади. Ҳамкорлик масаласини муҳокама қилиш учун Брюсселга борган Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари Марат Қарабаев раҳбарлигидаги делегация Еврокомиссия ва Европарламент вакиллари билан учрашди. Томонлар янги корхоналарни биргаликда молиялаштириш, углерод чиқиндиларини камайтириш масалаларини муҳокама қилди. Европа Иттифоқи органлари вакиллари Қозоғистон корхоналарида халқаро стандартлар жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Қозоғистонда кадрлар тайёрлаш, улар малакасини ошириш учун Европага юбориш, конларни рақамлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари:

- Бизда ҳам муаммолар мавжуд. Бугунги кунда Европада муҳтожлик сезилаётган 30 та материал бизда бор. Яъни ноёб қазилма бойликларимиз мавжуд. Буни кўп марта тилга олганмиз. Улардан 16 таси Қозоғистонда қайта ишланади. Тўққизтасининг конлари етарлича. Марказий Осиёда аниқ нечта борлигини эса билмаймиз. Геологик тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлаб келамиз. Мақсадимиз — 9 та янги материал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Европадан инвестиция ва технологиялар олиб келиш.

Питер Хэндли, Еврокомиссия бош директорлиги хомашё бўлими раҳбари:

- Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамфикрлилик ва хомашё, батареялар, «яшил» водород бўйича стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум тузилганидан мамнунман. Бу жадал ва натижага қаратилган музокаралар бўлди. Биз келажак технологиялари сари ҳаракатланамиз. Бу «яшил» иқтисодиёт ва рақамлаштириш учун зарур. Учта йўналиш кўзда тутилган: ўта муҳим материаллар, қайта тикланувчи водород ва батареялар.

Абдумалик Сарманов таржимаси.