Менежментни ривожлантириш халқаро институти берган маълумотга кўра, Қозоғистон дунёнинг энг рақобатбардош давлатлари 35 лигига киритилди. Бугунги кунда республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб боряпти. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун Ҳукумат қошида Инвестштаб ташкил этилган, иқтисодиёт либераллаштириляпти, ҳуқуқ ва суд тизими модернизацияланяпти, солиқ кодексида бизнес учун қўшимча енгилликлар кўзда тутилган. Инвесторлар ускуналар ва дастурлар харид қилиш сарфлаган маблағи учун солиқ тўламайди. Тадбиркорлар ва Вазирлар маҳкамаси ўртасида рақамли маълумот алмашиш кенгайтирилган. Йил охиригача лойиҳаларни кузатиб бориш бўйича миллий инвестициявий майдонча ишга туширилади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Хорижий инвесторлар кенгашининг 36-йиғилишида маълум қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Яқинда қабул қилинган 2029 йилгача мўлжалланган Миллий инфратузилмалар режаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги «имкониятлар дарчаси» очади. Қиймати 86 миллиард доллар бўлган 200 дан зиёд йирик инфратузилма лойиҳалари рўёбга чиқарилади. Ҳукумат офтейк-контрактларни локаллаштириш учун товарлар рўйхатини шакллантиради. Саноат ўсиши учун юқори малакали ишчи кучи керак. Шунинг учун мен 2025 йилни Ишчи касблари йили, деб эълон қилдим. Биз Қозоғистонда техник ва касбий таълим сифатини оширишга, инфратузилмаларни ривожлантиришга тайёр бўлган инвесторлар ахтараяпмиз.
Инвесторлар учун устувор йўналишлар қаторида Қосим-Жўмарт Тўқаев геологоразведка ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни кўрсатди. Сўнгги 6 йил ичида Қозоғистон бу соҳага 1 миллиард доллар хусусий инвестиция жалб этди. Энергетика сектори ҳам жозибадорлигича қолмоқда, мамлакат йилига 100 миллион тоннадан зиёд нефть қазиб олиш ниятида. Республика нефть-химия саноатини кучайтириш ниятида, дея таъкидлади Давлат раҳбари.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- 2022 йилда биз Марказий Осиёдаги энг йирик, йилига 500 минг тонна маҳсулот берувчи полипропилен ишлаб чиқарувчи заводни фойдаланишга топширдик. Бугунги кунда бу корхона мамлакат ички эҳтиёжининг 60 фоизини қоплаяпти, маҳсулотини Европа, Туркия ва Хитойга экспорт қиляпти. Сентябрь ойида йиллик қуввати 1,2 миллион тонна бўлган полиэтилен ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди. Умумий қиймати 14 миллиард доллар бўлган қатор нефть-химия лойиҳалари устида иш давом этаяпти.
Президент «мусаффо энергетика», агросаноат ва транспорт-логистика секторлари инвестициявий жозибадорлигини оширишга эътибор қаратди. Бу соҳаларда хорижий капитал иштирокида йирик лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Бундан ташқари, мамлакатда қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича янги таклифлар тақдим этиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.