Бугун Астанада «Таза Қазақстан» экология фестивали бўлиб ўтди. Унда Давлат раҳбари иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев айтганидек, лойиҳа республикамизда бир йилдан бери амалга оширилмоқда. Шу давр мобайнида умуммиллий акция қатнашчилари барча қозоғистонликлар учун ибрат кўрсатди. Зеро, онгни, танани, атроф-муҳитни тоза сақлаш одамнинг ички маданиятини кўрсатади. Президент тозаликка риоя қилишни жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришни кўп марта таъкидлаганини эслатиб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Тозалик ҳар бир одамнинг ўзидан, ҳар бир уй, кўчадан, ҳар битта шаҳардан бошланиши керак. «Таза Қазақстан» акцияси бир марталик бўлмаслиги керак, у ҳаёт тарзимизга айланиши лозим. «Жас келсе – иске», яъни «Ёш келса – ишга», деган гап бежиз эмас. Сизни табиатни муҳофаза қилиш ғояси бирлаштиради. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларингиз туфайли ушбу фойдали ташаббус кенг кўламли ҳаракатга айланди. Умумий иш учун жипслашув шундай бўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев волонтёрлар фаолиятини юксак баҳолади. Давлат раҳбари бир четда турмасдан, экологик вазиятни яхшилашга ҳисса қўшиб келаётган саноат корхоналари ва бизнес ишини ҳам таъкидлаб ўтди. Натижа ўлароқ, «Таза Қазақстан» лойиҳаси доирасида миллионлаб тонна чиқинди тўпланди, миллионлаб кўчат ўтқазилди. «Ўрмон барпо этиш Умумқозоғистон куни» акциясини ўтказиш ҳам яхши анъанага айланиб боряпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ушбу акция доирасида охирги уч кун ичида мамлакатнинг барча минтақаларида 4,5 миллионга яқин кўчат экилди, бу эса ўрмон фондимизни тўлдиради. Атрофни тартибга келтириш, дарахт ўтқазиш орқали биз қулай ва соғлом муҳитни барпо этамиз. Бизнинг ҳовли ва кўчаларимиз, боғу хиёбонларимиз қандай ҳолатда бўлиши фақат ўзимизга боғлиқ. Тозалик ва тартиб – юксак турмуш тарзининг асосий кўрсаткичларидан бири.
Давлат раҳбари «Таза Қазақстан» акциясида фаол қатнашган ёш қозоғистонликларни мукофотлади. Шундан сўнг Қосим-Жўмарт Тўқаев экология фестивалига бағишланган кўргазмани кўздан кечирди. Ва пойтахтимиздаги «Жастар» паркида Президент экофаоллар билан биргаликда дарахт ўтқазди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

