Давлат раҳбари Экибастуздаги ТЭЦ таъмирлаш ишлари билан танишди

Давлат раҳбари Экибастуздаги ТЭЦ таъмирлаш ишлари билан танишди

Давлат раҳбарининг Павлодар вилоятига амалий сафари Экибастуздаги иссиқлик энергетика марказидан бошланди. Қосим-Жўмарт Тўқаев иншоотда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жорий йилда ушбу ишлар учун мамлакат бюджетидан 7  миллиард тенгедан зиёд маблағ ажратилганди. Ундаги 10 та қозонхонанинг 5 таси давлат мулкига айланди. Шу билан бирга, 5,5 километр узунликда иссиқлик магистрали янгиланмоқда. Бунинг учун Ҳукумат захирасидан 9 миллиард тенге ажратилди. Вилоят ҳокимлиги берган маълумотга кўра, Экибастузда муаммолар олдини олиш учун иккита лойиҳа рўёбга чиқарилиши зарур. Биринчиси: иншоотга техник сув мунтазам етказиб берилиши учун магистраль қувурлар ётқизилиши лозим. Иккинчиси: иссиқлик етказиб бериш учну янги магистраль керак. Натижада, шаҳар аҳлини иссиқлик билан таъминлаш масаласи ҳал бўлади, 9 мингдан зиёд фуқаролар қиш кунларини бехавотир ўтказади. Давлат раҳбари таъмир ишлари доимий назорат остида бўлишини таъкидлади ва уларнинг сифатли, ўз вақтида бажарилиши кераклигини билдирди.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

-  Бу вазифа Ҳукумат ва ҳокимлар зиммасида. Қишда юз берган фалокат даврида сабр қилгани, матонат кўрсатгани учун юртимиз халқи, шаҳар аҳолисига миннатдорчилик билдираман. Лекин сабр ҳам чексиз эмас. Биз буни синаб кўришимиз шарт эмас. Зарур чора-тадбирларнинг барчаси ўз вақтида бажарилишини таъминлаш керак.  

Президент Қозоғистоннинг янги иқтисодий моделга ўтиши кераклигини таъкидлади. Давлат раҳбари сентябрь ойида тақдим этиладиган Қозоғистон халқига Мактубида мамлакат иқтисодий сиёсати бўйича фикрларини билдириш ниятида.

 

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Биз янги изларга тушиб олишимиз учун Қозоғистоннинг иқтисодий ривожига жиддий туртки беришимиз зарур. Ҳозир муҳим тарихий давр бошланяпти, Қозоғистон иқтисодиёти ҳозирги шаклида қолавериши имконсиз. Бу – аниқ. Мен шундай бўлиши лозимлигига аминман. Ҳукуматнинг вазифаси, биринчидан, тегишли таклифлар бериш. Иккинчидан, таклифлар асосида тақдим этилган режаларнинг самарали рўёбга чиқарилишига эришиш. Яширмайман, янги иқтисодий моделни қандай ишлаб чиқиш, ва мамлакатни унга тайёрлаш масаласига қандай ёндашиш зарурлиги тўғрисида ўзим ҳам бош қотиряпман. Биз мамлакат иқтисодиётини яхлит шаклда, концептуал тарзда кўра олишимиз аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Кескин қарорлар келмасликнинг имкони йўқ. Биз биргаликда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига жиддий туртки бера оладиган муҳим ишларни рўёбга чиқаришимиз зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси