Давлат раҳбари ХХР раиси билан музокара ўтказди

Давлат раҳбари ХХР раиси билан музокара ўтказди

Ақўрдада Қозоғистон Президенти Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинь билан музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ушбу ташриф бузилмас дўстлик алоқалари мавжудлигини кўрсатади. Икки томонлама алоқалар янги «Олтин давр»га етиб келди ва ҳар икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўз улушини қўшяпти. Ўтган йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми мисли кўрилмаган даражага, 44 миллиард долларга етди. Давлат раҳбари Қозоғистон ва ХХР БМТ, ШҲТ, СВМДА, БРИКС+ ва «Марказий Осиё – Хитой» форматларидаги халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам юқори даражада ўзаро алоқалар ўрнатганини кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Хитой Халқ Республикаси Қозоғистон учун яхши қўшни, яқин дўст ва ишончли ҳамроҳ. Шахсан сизнинг ёрдамингиз туфайли Қозоғистон - Хитой алоқалари ҳар томонлама ва абадий стратегик ҳамкорлик руҳида беқиёс суръатларда ривожланиб борди. Умумий тарихимизга назар ташласак, давлатлар ўртасидаги алоқалар ҳамиша дўстлик ва ҳамкорликка асосланганини, зиддият ва тўсиқларга учрамаганини кўришимиз мумкин. Хайрихоҳлик қилдик ва бир-биримизга тушунишга интилдик. Хитой халқи қозоқ халқига ҳеч қачон зарра етказмаган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Хитойни яхши қўшни ва Қозоғистоннинг давр синовидан ўтган муҳим стратегик ҳамкори, деб атади. У мамлакатлар ўртасидаги алоқалар барқарорлик касб этади ва турли геосиёсий чорлов ва ўзгаришларга, халқаро алоқалардаги чигалликларнинг салбий таъсирига қарамай барқарорлигича қолади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Хитой ҳамиша Қозоғистон билан қандайдир сиёсий шартлар қўймаган ҳолда ҳамкорлик қилди. Биз суверенитетимиз ва хавфсизлик кафолатларини қўллаб-қувватлаганингизни ҳамиша қадрлаймиз. Хитойнинг тинчликсевар ташаббусларини, дунёда адолатли тартиб ўрнатишга интилишини юқори баҳолаймиз.

Қозоғистон Президенти таъкидлашича, Хитойнинг CNNC компанияси республикада яна битта АЭС қуриш учун стратегик ҳамкор сифатида кўриляпти. Си Цзиньпин қозоқ заминида илиқ кутиб олишгани учун миннатдорчилик билдирди. У Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида Қозоғистон миллий тикланиш йўлидан бораётганини, янги ютуқларга эришаётганини кўрсатди.

Си Цзиньпин, ХХР раиси:

- Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар жаҳондаги ўзгарувчан вазиятлар синовидан ўтди ва фаол ривожланишда давом этяпти. Бунга жўғрофик яқинлик ва кўп асрлик дўстлик туфайлигина эмас, мамлакатларни биргаликда ривожлантиришга бўлган эҳтиёжимиз туфайли эришдик. Қатор ижтимоий муҳим лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши икки давлат халқлари учун салмоқли фойда келтирди. Сиз билан бирга Хитой ва Қозоғистон ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, Хитой - Қозоғистон муносабатлари минтақа ва дунё ривожига янада катта улуш қўшиши учун қўлни қўлга берганча кенг миқёсда ҳамкорлик қилишга тайёрман.

Музокаралар якунида 24 та ҳукуматлараро ва маҳкамалараро ҳужжат имзоланди. Уларнинг ҳаммаси энергетика, аэрокосмик соҳа, рақамлаштириш, божхона жараёнлари, қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат, туризм, тиббиёт, медиа, фан ва минтақалараро алоқалар борасида ҳамкорлик қилиш билан боғланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси