Давлат раҳбари дунё шахматчилари билан учрашди

Давлат раҳбари дунё шахматчилари билан учрашди

Давлат раҳбари нуфузли турнирнинг ташкилий даражасини юқори баҳолади, айни пайтда хитойлик спортчини ғалаба билан табриклади ва  россиялик шахматчи маҳоратини ҳурмат билан тилга олиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда шахматни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 200 мингдан зиёдроқ одам шахмат билан шуғулланади. Ушбу рақам Қозоғистон Республикаси Шахмат федерацияси, Аркадий Владимирович, сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан шахсан Тимур Русланович Турлов ёрдамида камида икки марта кўпайишидан умидворман. Ўйлайманки, шахмат юртимизда муносиб тараққий топади.

ФИДЕ раҳбари илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди, жаҳон чемпионати майдончасида қўшимча мусобақалар – Қозоғистон аёллар терма жамоасининг дунё термасига қарши матчи, болалар турнирлари ва мастер-класслар ташкил этилганига урғу берди, булар бари мазкур спорт турини оммалаштиради. Ёз ойларида эса республикада тарихда илк маротаба умумий таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ташкил қилинади. Унда энг камида 80 та давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

АРКАДИЙ ДВОРКОВИЧ, ФИДЕ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Аввалги учрашувимиздан кейин орадан 7 ойга яқин вақт ўтди. Бу давр ичида Қозоғистонда Сизнинг тўла қўллаб-қувватлашингиз билан беш марта жаҳон биринчилигини ўтказдик. Алматида ўтган йилнинг декабрь ойида аёллар ўртасида рапид ва блиц бўйича очиқ шаклдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ва ҳозирда бу ерда, Астанада шахмат бўйича дунё биринчилиги ўтказилди, унда жаҳоннинг янги чемпиони аниқланди. Кўриб турибмизки, шахмат Қозоғистонда анчагина машҳур ўйин. Рақамлар таъсирчан, улар янада ошиши мумкин.

Хуршида Абдуллаева таржимаси