Мажилисда иқтисодий ўсиш режалари муҳокама қилинди

Мажилисда иқтисодий ўсиш режалари муҳокама қилинди

Давлат раҳбарининг Мактубида кўрсатилган ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва мамлакатдаги ишлаб чиқарувчиларга ёрдам кўрсатиш чоралари Қозоғистон иқтисодиётини тараққиётнинг янги босқичига кўтаришга олиб келади. Парламент Мажилиси депутатлари фикрича, Президент мақсадни аниқ кўрсатди: қайта ишлаш саноати мамлакат янги иқтисодиётидаги асосий компонентга айланиши зарур. Унинг пойдевори юқори даражада қайта ишловчи кластер бўлиши лозим. Ишлаб чиқариш иқтисодий мустақилликка олиб келади. Янги ташкил қилинган Саноат ва қурилиш вазирлиги зиммасида шундай вазифа турибди.

Муқаш Ескендиров, Қозоғистон Республикаси Парламент мажилиси депутати:
- Биз янги вазирдан янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини кутамиз. Мамлакатда кўп миқдорда хомашё манбалари, кадрлар, молиявий ташкилотлар, шунингдек, сармоядорлар бор, улар ёрдамида янги заводларни ишга тушира оламиз. Давлат раҳбари таъкидлагани каби, мамлакатда иқтисодиёт ўсишини таъминлаш учун аввало қайта ишлаш секторига эътибор қаратишимиз керак. У миллий иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи кучга айланиши лозим. Биз буни унутмаслигимиз зарур. 

Қозоғистон транспорт-логистика давлатига айланади. Президент ўз Мактубида ушбу масалага катта эътибор қаратган. Мамлакат Ялпи ички маҳсулотида мазкур сектор улуши 9 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Ҳукумат уч йилда мазкур маррага эришиши зарур. Умуман олганда, соҳа иқтисодий ўсишнинг яна бир ҳаракатлантирувчи кучига айланиши шарт. Бунинг учун, шу жумладан, денгиз ва темирйўл инфратузилмаларини, ер усти транспортини янгилаш ва модернизациялаш талаб этилади. 

Нуртай Сабилянов, Қозоғистон Республикаси Парламент мажилиси депутати:
- Президент янги вазирликлар тузиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Хусусан, Транспорт вазирлигининг аҳамияти катта. Унга янги бошлиқ тайинланади. Бу соҳада муаммолар ва оғриқли нуқталар етарли. Янги вазирлик барчасини бартараф эта олишига ишонаман. Қатор янги лойиҳалар рўёбга чиқарилиши кутиляпти. Масалан, Бақти-Аягўз ва Дарбаза-Мақтаарал йўналишларида темирйўл қурилиши кўзда тутилган.  Соҳага боғлиқ бошқа масалалар ҳам қамраб олинишига ишонаман.

Абдумалик Сарманов таржимаси.